Бухорода ишчиларни тупроқ босиб қолиши бўйича жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
17 Ноябрь 2021
6614Аввалроқ Бухорода сув қувурини ўтказиш вақтида ер кўчиши сабаб икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Бухоро вилояти ИИБ ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берди.
Унга кўра, кеча, 16 ноябрь куни соат 15:30 ларда Бухоро шаҳрида жойлашган “61-сонли автокорхона” МЧЖ томонидан Когон шаҳар Дўстлик маҳалласи Дўстлик кўчаси ҳудудида канализация қувурларини қазиш ишлари олиб борилаётган вақтда, канализация қувури учун ковланган ўлчамлари: 4Х5 метр, чуқурлиги 4 метр бўлган ўранинг атрофидаги қум уюми ўпирилиб тушган. Оқибатда қувур ичида ишлаётган “61-сонли автокорхона” МЧЖ ишчилари 2000 йилда туғилган А.Н. ҳамда 1999 йилда туғилган С.С. лар қум уюми остида қолиб кетиб, ҳаво етишмаслиги оқибатида вафот этган.
Ҳодиса содир бўлган жойга чиққан Бухоро вилояти Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Когон шаҳар прокуратураси, вилоят ИИБ ва Когон шаҳар ИИБ масъул раҳбар ва ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Жабрланувчиларнинг жасадлари вилоят ФВБ ходимлари томонидан қум уюми остидан олиб чиқилиб, суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь