Бухорода аёл туғуруқ жараёнида вафот этди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда бухоролик аёл фарзандини дунёга келтириш вақтида вафот этгани айтилган видео тарқалди. Мурожаатда эркак мазкур воқеага тиббиёт ходимларининг эътиборсизлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Ҳолатга Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдиради. 

Қайд этилишича, марҳума 1992 йилда Қоракўл туманида туғилган. У 2024 йил 12 декабрь соат 21:50 да РИО ва БСИАТМ ДМ Бухоро филиалига (Перинатал марказ) қабул қилинган. Ўша пайтда аёл кучли шамоллаш аломатлари: йўтал, тана ҳароратининг 38 градусгача кўтарилиши, қоғоноқ сувларининг кетиши, умумий ҳолсизлик ҳолатида бўлган. 

“Беморда ушбу ҳомиладорлик камқонлик фонида кечган. Ҳомиладорликнинг 14 ҳафталик муддатида жигар эхинококи ташхиси билан оператив даволанган”, дейилади муносабатда.

Қўшимча қилинишича, беморга керакли барча клиник лаборатор, инструментал текширувлар ўтказилган. Керакли мутахассислар томонидан (пульмонолог, терапевт) консультация ўтказилган. Консилиум асосида стандартларга кўра керакли даво буюрилган, кузатув давом эттирилган. Аёлда туғуруқ Миллий стандарт асосида олиб борилган, оператив туғуруққа кўрсатма бўлмаган.

“13.12.2024 йил соат 7:00 да тана ҳароратининг 38 градусгача кўтарилиши кузатилди. Таблетка парацетамол берилди. Келишилган шифокорлар консилиумидан кейин тор мутахассислар, пульмонолог ва жарроҳ шифокор кўруви ташкил қилинди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шундай қилиб, аёлда 13 январь соат 14:25 да жадаллашган туғуруқ содир бўлган. Қиз чақалоқ дунёга келган. Туғуруқнинг 3-даврини актив олиб бориш мақсадида Окситоцин 10 ЕД м/ога қилинган. 3 дақиқадан сўнг плацента тўлиқ ажралиб чиққандан сўнг, бир вақтда 250 мл қон кетган, бачадон гипотонияси кузатилган. Шу пайтнинг ўзида аёл аҳволи бирдан ёмонлашиб, нафас етишмовчилиги белгилари кузатилган. 

“15:05 да бемор аҳволи оғирлашиб, нафас етишмовчилиги, тери цианози кучайди. Аёлда 13 январь соат 15:15 да биологик ўлим қайд қилинди”, дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, марҳума суд тиббиёт экспертизасидан ўтказилган ва ўлим сабаби Қоғоноқ сувлари эмболияси тасдиқланган.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан Бухоро давлат тиббиёт институтининг профессор-мутахассислари иштирокида хизмат текшируви ўтказилган ва Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг мутахассислари иштирокида чуқур муҳокама қилинган. Тиббий ҳужжатлар юритилишида хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимлар – марказ 2-туғуруқ бўлими мудири ҳамда даволовчи акушер-гинекологга ўртача ойлик маошидан 30% жарима қўлланилиб, бошқа бўлимга ротация қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрь ойида  Тошкентдаги “роддом”да шифокорлар ёрдам бермагани учун чақалоқ ўлик туғилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро туғруқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг