Бухорода 27 нафар фуқарога қалбаки авиачипталар расмийлаштириб берган МЧЖ раҳбари ва унинг шериги ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, “B.F.” МЧЖ раҳбари муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун 2 маротаба судланган Н.М. ва И.Г. олдиндан тил бириктирган. Улар жорий йилнинг январь-февраль ойларида “S.A.” АЖ номидан 27 нафар фуқарога “Бухоро-Домодедово” йўналиши бўйича қалбаки авиачипта расмийлаштириб берган.
Бунинг эвазига эса улар фуқароларнинг жами 52,7 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.