Бухорода 18 яшар қиз ўғил дунёга келтириб, уни ҳожатхонага ташлаб ўлдирди

3-саҳифа 13880
image

Бухоро вилояти Ғиждувон туманда 18 ёшли қиз энди туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб, қасддан ўлдирди. Бу ҳақда вилоят суди Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг январь ойида фуқаро Д.М. ўзининг ҳомиладор эканини билиб қолиб, буни оила аъзолари ва қариндошларидан яширган. 

13 май куни соат тахминан 13:30 да ўзи яшаб келган Ғиждувон тумани “Бобоғози” МФЙ Бобоғози қишлоғидаги яшаш хонадонининг ҳожатхонасида ёлғиз ўзи ўғил фарзандни дунёга келтирган. Бироқ, у фарзандини қасддан ҳожатхона остидаги нажас чуқурлигига ташлаб, ўлдирган. 

Суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 5 июндаги 22-сонли хулосасида, ўғил жинсли чақалоқнинг ўлими юқори нафас йўлларига ёт масса (нажас) тушиши ва нафас йўллари бекилиши оқибатида аспирация натижасида келиб чиққани кўрсатилган.

Судда судланувчи Д.М.нинг билдиришича, у 2021 йил 3 сентябрь куни соат тахминан 11:00 ларда яшаш уйида ёлғиз ўтирганида қариндоши М.Т. келиб, уни зўрлаб, номусига тегган. 

Қиз ўша пайт бу ҳақида ҳеч кимга айтмаган, орадан 2-3 ой ўтганидан кейин буйрагида оғриқ бўлгани учун онаси Г.М. билан бирга Ғиждувон туман тез тиббий ёрдам бўлимида текширувдан ўтган. Натижада шифокор унга олти ойлик ҳомиладор эканини айтган.

Шундан сўнг она ва қиз қариндоши Т.М.га қўнғироқ қилиб, ҳомила ҳақида айтган. Йигит эса ҳомилани олдириб ташлашини билдирган. Шифокорлар эса ҳомила олиб ташланса, қизнинг бундан кейин ҳомиладор бўла олмаслиги мумкинлигини тушунтирган. 

13 май куни у болани ҳожатхонада дунёга келтирган ва уни ҳожатхонага чуқурига ташлаб юборган. Воқеадан хабар топган қизнинг онаси уни туман туғруқ комплексига олиб борган. 2022 йилнинг 14 май куни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда ҳожатхона чуқурлигидан ўғил чақалоқ жасади топилган.

Суд ҳукмига кўра, Д.М. Жиноят кодексининг 99-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унинг соат 21:00 дан 06:00 га қадар Ғиждувон туман “Бўктарой” маҳалла фуқаролар йиғини, Бобоғози қишлоғидаги яшаш уйидан чиқиб кетмаслиги белгиланган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 826
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×