Бухоро вилоятида неолит даврига оид устахона топилди
Жамият
−
27 Июль 2021
6474Бухоро вилояти Пешку туманидан неолит даврига оид устахона қолдиқлари топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон фанлар академияси қошидаги Миллий археология маркази ва “Аswa Power Dzhangeldy Wind” МЧЖ ўртасида шартнома тузилиб, Самарқанд археология институти ва Самарқанд Давлат университети мутахассисларидан иборат экспедиция жамоаси жорий йилнинг 25 июндан 25 июлига қадар Пешку туманидаги Жонкелди қишлоғида археологик қазишма ишларини олиб борган.
Хабарга кўра, тадқиқот мобайнида қишлоқ атрофидаги ёдгорликларни аниқлаш ва уларни харитага тушириш мақсадида жами 30200 гектар ер майдонида қазишма ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, неолит даврига оид тошга ишлов бериш устахонаси Жонкелди қишлоғи марказидан 10 километр шимоли-шарқдан топилган. Устахона денгиз сатҳидан 383 метр баландликда, емирилиб кетган кремний конлари устида жойлашган. Устахона майдони 70х30 метр бўлиб, икки томонда жарликлар билан кесилган. Устахонада кремнийнинг асосан оқ, шунингдек, жигарранг ва кулранг тусдагилари учраган. Ўрганиш давомида бу ерда маданий қатлам ягоналиги ва қалинлиги 40 сантиметргача етиши аниқланган.
Таъкидланишича, устахонадан 400 дан зиёд ишлов берилган тош буюмлар топилган. Улар орасида бир қатор хомашё деффекти туфайли ташлаб юборилган нуклеуслар, учиринди ва пластиналар борлиги маълум бўлган. Моддий манбалар ичида тошларни чақмоқловчи техник йўнилғилар топилган, бу орқали тошларга бирламчи ишлов бериш ишлари устахонанинг ўзида амалга оширилгани аниқланган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, неолит даврининг (милоддан аввалги VII–V мингйилликлар) аҳолиси бу ерга сифатли хомашё учун келган.
Сардор Али Нурматов
LiveБарчаси