Бухорийдан Берунийгача – Президент ислом цивилизациясига ҳисса қўшган алломаларни эътироф этди
Жамият
−
02 Сентябрь 2021
4278Бугун, 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик анжумани бошланди. Aнжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президент ўз нутқида мамлакатнинг ислом дунёси билан кўп асрлик алоқаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, илм-фан ва цивилизация ривожига ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирларни эътироф этди.
“Қадимий Ўзбекистон яъни, Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир.
Бухоролик буюк уламо – имом Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари, имом Ал-Бухорий ва имом Ат-Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир.
Бухорои шариф мусулмон оламида “Қуббат-ул ислом”, яъни, “Ислом динининг гумбази” номи билан маълум ва машҳурдир.
“Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли ном билан улуғланган Хоразмлик аллома Маҳмуд аз-Замаҳшарий араб тили грамматикаси ривожига улкан ҳисса қўшганлиги сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.
Маккаи мукаррамадаги “Масжид ул-Ҳарам” яқинида яшаган бу беназир олимнинг грамматикага оид “Ал-Муфассал” асари, арабча-форсча луғат китоби Шарқ давлатлари олийгоҳларида кўп асрлар мобайнида асосий дарслик ва қўлланма вазифасини бажарган”, деди Президент.
Шунингдек давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталиб, Aмир Темур, Aбу Aли ибн Сино, Муҳаммад Aл-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Aбу Райҳон Беруний каби алломаларнинг қилган ишларини алоҳида ёдга олди.
“Юртимизнинг ислом дунёси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси буюк Амир Темур ҳукмронлиги даврида янада ёрқин намоён бўлди.
Соҳибқирон бобомиз пойтахти Самарқанд бўлган ўз даврининг энг қудратли давлатини барпо этди.
Ўз таркибига бепоён ҳудудларни қамраб олган ушбу улкан салтанат ўша даврдаги ислом дунёсининг асосий минтақаларида иқтисодий ва маданий тараққиётни юксак чўққиларга олиб чиқди.
Айнан ана шундай мустаҳкам пойдеворга, Шарқ уйғониш даврида бутун мусулмон олами эришган улкан илмий, фалсафий ва маданий салоҳиятга таяниб, бизнинг улуғ боболаримиз ҳам ўзларининг буюк кашфиёт ва ихтироларини яратганлар.
Бу ҳақда гапирганда, дунё коронавирус пандемияси билан тўқнашганда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биринчи навбатда Абу Али ибн Сино тавсия қилган карантин усулларидан фойдаланишга чақирганини эслаш ўринлидир.
Бундан минг йил олдин бу улуғ ҳаким “Тиб қонунлари” китобида юқумли касалликлар тарқалишини камайтириш учун 40 кунлик карантин зарурлигини таъкидлаган эди.
Бағдоддаги машҳур “Байт ал-Ҳикма” илмий академиясини бошқарган яна бир ватандошимиз Муҳаммад Ал-Хоразмий илк маротаба рақамлар қаторига “ноль” белгисини киритиб, математиканинг янги йўналиши, яъни “алгебра”га асос солган.
Шунингдек, замонавий IT соҳасининг фундаментал “алгоритм” тушунчаси ҳам ана шу улуғ аждодимиз Ал-Хоразмий номи билан боғлиқдир.
Самарқанд ҳукмдори, буюк астроном Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг координатлари аниқ кўрсатилган, бир неча асрлар дунёнинг олий таълим даргоҳларида дарслик бўлиб хизмат қилган “Зижи Кўрагоний” жадвалини тузган.
Геодезия фанининг “отаси” ҳисобланадиган Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин биринчи глобус ва Ернинг энг аниқ харитасини яратган.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ИТБ саммитида тузилмани ривожлантириш учун бешта таклифни илгари сурди.
LiveБарчаси