Бухорода ароқхўр онасидан безган болалар Меҳрибонлик уйига жойлаштиришларини сўраб мурожаат қилишди
Жамият
−
18 Февраль 2019
12671Бухоро шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ака-ука А.Р. ҳамда А.З. ароқхўр онаси Т.З. устидан шикоят қилиб, ўзларини Меҳрибонлик уйига жойлаштиришларини сўраб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди.
Бу ҳақда Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси 3-сон ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика катта инспектори, катта лейтенант Шаҳобиддин Раҳмонов маълум қилди.
Билдирилишича, Бухоро шаҳридаги 38-сонли “Пиридастгир” МФЙда яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро Т.З. опаси М.А. ҳамда акаси Н. таъсирида узоқ йиллардан буён спиртли ичимликлар ичиб келади. Қўни-қўшнилар, мактаб ва маҳалла фаоллари, ички ишлар органлари ходимлари томонидан назорат ҳамда тартибот ишлари олиб борилишига қарамай, самара бермаган.
“Вояга етмаган болалар оилада ўта оғир, қийин ва шароитсиз аҳволда яшашади. Шу боис мактабда ўзлаштиришлари паст. Мактабимиз жамоаси томонидан доимий кўмак берамиз. Овқатлантирамиз, кийинтирамиз, дарсликлару ўқув-қуроллари билан таъминлаймиз. Ақлли, эсли-ҳушли болалар. Аммо жуда одамови ва ҳуркак. Чунки носоғлом оила муҳити уларни руҳан чўктирган. Деярли ҳар куни оиласидан хабар оламиз. Афсуски, она ичкиликка ружу қўйиб бўлган. Уни йўлдан қайтара олмадик. Уринишларимиз зое кетди.
Энг ачинарлиси, болаларга олиб берилган қишки кийим-бошларни ҳам ароқхўр она сотиб, уларни юпун қолдирган”, дейди 21-умумий ўрта таълим мактаби директори Роза Авдеева.
Онасининг сурункали ичиши етмагандек, улар билан бир хонадонда яшаб келадиган тоғаси ҳамда холаси ҳам болалар тақдири билан қизиқмаган.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасан Асадовнинг маълум қилишича, ароқхўр онанинг айби ва эҳтиётсизлиги билан бир неча йил аввал уларнинг хонадонида катта ёнғин содир бўлган. Ўшанда бу хонадонда ака-укалардан ташқари, 2 ёшли Л. ҳамда 6 ёшли А. ҳам улғаяётган эди. Ёш болаларнинг ҳаёти яна хавф остида қолиши мумкинлигини англаб, Васийлик ва ҳомийлик кенгаши ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда улар Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган. Айни пайтда бу икки нафар фарзандининг тақдири ҳам онани мутлақо қизиқтирмайди.
Ярим тунда ароқхўр онанинг калтаклашу хўрлашларидан безган норасида ака-укалар уйдан қочиб, ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБга мурожаат қилишган.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур носоғлом оилада болалар фақатгина онаси Т.З. билан эмас, холаси М.А. ҳамда тоғаси Н.З. билан ҳам бирга яшашади. Ушбу икки шахс суд қарорига асосан, вилоят Наркология диспансери алкоголизмни мажбурий даволаш муассасасида ётқизилган. Н.З. эса турли жиноятлар содир этиб, бир неча бор жазони ўтаб қайтган. Айни пайтда маъмурий назоратда. Бундай оила муҳитида яшаш ҳар қандай ўсмир учун оғир.
11 февраль куни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирокида ёпиқ суд мажлиси ўтказилди. Болаларнинг онаси Т.З. розилиги ҳамда аризасига кўра, ўғиллари Бухоро вилояти ИИБ ХРБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
“Уйда ҳеч қачон тинчлик бўлмаган, онам бизни доим уради, калтаклайди. Бегона эркаклар уйга келганда совуқми, иссиқми, қарамай, ярим кечаси бўлса ҳам кўчага ҳайдайди. Онамга қўшилиб ичган холам ва тоғам ҳам мен ва укамни доимий бақириб, қўрқитишади. Улар билан яшашни истамаймиз”, дейди катта ўғил.
Жорий йилнинг 15 февраль куни ака-укалар Бухоро вилояти ИИБ ХРБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйига ўтказилди. Улар таҳсилни Бухоро шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида давом эттиришади.
Айни пайтда Бухоро шаҳрида туғилган, вояга етмаган ака-укалар, шунингдек, онасининг лоқайдлиги ҳамда эътиборсизлиги туфайли бугунги кунда Болалар уйида тарбияланаётган 3 ёшли Лёша ва 7 ёшли Афинанинг тақдирига ҳам бефарқ қараган Т.З.га нисбатан Бухоро шаҳар Васийлик ва ҳомийлик кенгаши томонидан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжатлар тўпланмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь