Бугун Машарипов Роналдуга қарши майдонга тушади

Спорт

image

Бугун, 10 март куни Элит Осиё Чемпионлар лигаси турнири жавоб учрашувлари бўлиб ўтади. “Ал-Наср”-“Истиқлол”, “Ал-Садд”-“Ал-Васл” ўйинлари бугунги кун тартибидан ўрин олган.

Собиқ жамоадошлар энди ўзаро рақиб, ёхуд Машарипов Роналдуга қарши

Ҳозирги кунда Эроннинг “Истиқлол” жамоасида тўп тепаётган ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машарипов Элит Осиё Чемпионлар лигаси турнири 1/8 финал босқичи жавоб ўйинида собиқ клуби Саудиянинг “Ал-Наср” клубига қарши майдонга тушади. Машарипов 2021 йилдан 2023 йилга қадар “Ал-Наср”да фаолият олиб борган. Клуб сафида 40 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урган. 2023 йилда жамоа раҳбарлари дунёни ларзага солган ўша машҳур трансферни амалга оширди. Албатта, бу Криштиану Роналду, португалиялик мега юлдуз клубга келиши билан Машарипов унга 7-рақамини берганди. Шунга қарамасдан ўзбекистонлик футболчи Роналду билан бир жамоада бир нечта ўйинларни ўтказди. Кейин у Саудия клубини тарк этишга қарор қилди. 2023 йилда бир муддат Грециянинг “Пансеррайкос” жамоасида тўп тепган футболчи шу йилнинг охирида Эроннинг “Истиқлол”ига кўчиб ўтди. Форслар таркибида у 2024 йилда Элит Осиё Чемпионлар лигаси турнири доирасида “Ал-Наср”га қарши майдонга тушди. Ушбу баҳсда саудияликлар сафида Криштиану Роналду ҳам асосий таркибда ҳаракат қилди. Бугун ҳам ҳар икки футболчи яна ўзаро рақиб сифатида майдонга тушади. 

2025 йилнинг 3 март кунида Эронда ушбу жамоалар илк учрашувни ўтказди ва унда ҳисоб очилмади. Жавоб ўйинида фаворит “Ал-Наср”. Биринчидан, жамоа ўз уйида, мухлислари қаршисида ўйнайди. Иккинчидан, таркиблар жиҳатидан ҳам икки жамоа ўртасидаги фарқ сезиларли даражада катта. Учинчидан, дастлабки баҳсда саудияликлар сафида Криштиану Роналду Эронга бормаган ва ўйинда иштирок этмаганди. Бугун у жамоасига ёрдам бера олади. 

Икки жамоанинг ягона умиди ОЧЛ

“Ал-Наср” бу мавсум ютиши мумкин бўлган ягона соврин бу Элит  Осиё Чемпионлар лигаси кубоги. Сабаби клуб Саудия чемпионатида ғолиблик пойгасидан аллақачон чиқиб кетган. Саудия Қирол кубогида эса “Ал-Тавон”га мағлуб бўлиб, турнирни эрта тарк этган. Стефано Пиоли қўл остидаги клубнинг бор эътибори Элит Осиё Чемпионлар лигаси турнирига қаратилган. Албатта, Роналду ҳам жамоадаги илк йирик соврини учун жиддий курашга киришган.

“Истиқлол” эса жорий мавсум Эрон чемпионатида 21 турдан сўнг 26 очко жамғариб, 10-ўринда бормоқда. Кубокда эса жамоа 1/8 финалда “Шамс Азар Қазвин” клубини мағлуб этган ва чорак финалга йўл олди. Аммо жамоа барибир ҳам асосий эътиборини мамлакат кубогидан-да юқори турадиган Элит Осиё Чемпионлар лигасига қаратиши тайин. “Истиқлол” таркибини анча кучайтириб ҳам олди. Клуб ўтган мавсумни Самарқанднинг “Динамо”сида ўтказган Қирғизистон терма жамоаси етакчиси Жоэль Кожони сафига қўшиб олди. Форслар бугунги жавоб ўйинида ҳам Саудия клубига жиддий қаршилик кўрсатиши аниқ.  

Маълумот ўрнида, “Ал-Наср”-“Истиқлол” ўртасидаги жавоб ўйини бугун, 10 март куни Тошкент вақти билан 23:00 да старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Истиқлол Криштиану Роналду Жалолиддин Машарипов Ал-Наср Элит Осиё Чемпионлар лигаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг