“Буча қирғини” Россиянинг Европадаги ваҳшийлиги сифатида тарихда қолади – ЕИ

Олам

image

Европа Иттифоқи Россиянинг Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларида тинч аҳолига қарши ҳаракатларини қоралади. Бу ҳақда Иттифоқ баёнотида сўз боради. 

Ташкилотнинг ташқи ишлар идораси баёнотида айтилишича, бу геноцид Европада содир этилган ваҳшийликлар рўйхатидан ўрин олади. 

“Кўп сонли тинч аҳоли қурбонлари ва фуқаролик инфратузилмаси вайрон қилингани ҳақидаги даҳшатли кадрлар Россия томонидан Украина ва унинг халқига қарши бошлаган шафқатсиз урушнинг асл қиёфасини кўрсатади. Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларидаги қирғин, шубҳасиз, Европа заминида тарих давомида содир этилган ваҳшийликлар рўйхатига киритилади”, дейилади баёнотда. 

Брюсселнинг таъкидлашича, Украинадаги ваҳшийликлар учун айнан Россия жавобгар, ЕИ эса қонли жиноятлар учун барча айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини қўллаб-қувватлайди. 

“Европа Иттифоқи зудлик билан Россияга қарши қўшимча санкциялар устида ишлашни давом эттиради”, дейилади баёнотда. 

Апрель ойи бошида бутун Киев вилояти рус қўшинларидан озод қилинди. Назоратга олинган шаҳар ва қишлоқларда руслар томонидан тинч аҳолининг оммавий ўлдирилиши қайд этилган. Хусусан, озод қилинган Бучада оммавий қабр топилган, у ерда 300 га яқин одам дафн этилган, ўнлаб жасадлар кўча бўйлаб сочилиб кетган, баъзиларининг қўллари боғланган. 

Украинанинг ЕХҲТдаги делегацияси Киев вилоятида Россия қўшинлари томонидан тинч аҳолига нисбатан содир этилган қирғин ва қийноқлар муносабати билан ЕХҲТ Доимий кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ташаббуси билан чиқди.

“Буча қирғини”

Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.

Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.

2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.

Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.

Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.

Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Буча қирғини

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг