Бу йил Ўзбекистонда ёз ёндирадими?
Бу қизиқ
−
01 Июнь 2023
27147Ўзбекистон ҳудудида жорий йилнинг ёз фасли қандай об-ҳаво билан ўтиши ҳамда унинг тахминий даражалари маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази Ахборот хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг июнь ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг энг бошида ҳаво ҳарорати 34-37 даража атрофида бўлади. Иккинчи беш кунликда иссиқ 37-40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 40-43 даражагача кўтарилади ва бундай ҳарорат иккинчи ўн кунликнинг бошигача сақланиб туради.
Шунингдек, биринчи ўн кунлик давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий момақалдироқли ёмғирлар ёғиши мумкин.
Июнь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида иссиқ қисқа муддатга бироз кучсизланиш даврлари билан ҳарорат асосан 36-39 даража, республиканинг шимоли, жануби ва чўл ҳудудларида 42 даража атрофида бўлади. Умуман олганда, июнь ойи меъёрдан 2-3 даражага илиқроқ бўлади.
Айрим кунларда баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, умуман олганда, июнь ойидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
“Июль ва август ойларида 60-70% эҳтимоллик билан ҳарорат фони меъёрдан бироз юқори ва унинг атрофида бўлиши кутилмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, бироқ ҳароратни 40-42 даражагача, республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида 43-45 даражагача кўтарилиб, жуда иссиқ об-ҳавонинг айрим даврлари ҳам истисно қилинмайди. Бу Ўрта Осиё иқлимининг хусусиятларидан биридир”, дейилади агентлик берган хабарда.
Маълумот учун, ХХI аср бошидан бери фақат 2003 ва 2009 йиллардаги ёз фаслларида ҳаво ҳарорати меъёрдан бироз пастроқ, бошқа барча ёз фасллари эса меъёр атрофида ва ундан илиқроқ бўлган. 2015 йилдан бошлаб барча ёз фаслларида меъёрдан юқори ҳарорат қайд этилган.
Нурмуҳаммад Файзуллаев