“Бу ресторандаги меню эмас, уни танлаб ишлатиб бўлмайди”. Гутерриш Путинни БМТ Низомини бажаришга чақирмоқда

Олам

image

Бир давлат қўшинлари бошқа давлат ҳудудига унинг розилигисиз кирса, уларни тинчликпарвар деб ҳисоблаш мумкин эмас. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украина шарқидаги долзарб воқеаларга изоҳ бераётиб гапирган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган қисқа брифингда Антониу Гутерриш "сўнгги йиллардаги энг катта глобал тинчлик ва хавфсизлик инқирози"ни ҳал қилиш учун ташқи ташрифларини қисқартириши ва Африка раҳбарлари билан муҳим учрашувни бекор қилишга тўғри келганини айтган. 

"Биз ҳеч қачон келмаслигига чин дилдан умид қилинган бир лаҳзада турибмиз. Украина атрофидаги сўнгги воқеалар – ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилиши кучайгани ва вазият янада авж олиш хавфи ҳақидаги хабарлар мени жуда хавотирга солмоқда”, дейди БМТ раҳбари.  

Унинг қайд этишича, Россия Федерациясининг Донецк ва Луганск “мустақиллигини” тан олиш ҳақидаги қарори Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузиш ҳисобланади.

“Россия томонидан кўрилаётган бир томонлама чоралар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига бевосита зид ва БМТ Бош Ассамблеясининг Дўстлик муносабатлари декларациясига ҳам тўғри келмайди”, дейди Гутерриш. 

Бош котиб Россиянинг қарори БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган Минск келишувларига “ҳалокатли зарба" берганини урғулаган.

“БМТ Низоми тамойиллари ресторандаги меню эмас. Уларни танлаб ишлатиб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар уларни тўлиқ қабул қилдилар, шунинг учун унга тўлиқ риоя қилишлари керак”, дейди Гутерриш.

У тинчликпарварлик концепциясининг бузилишидан хавотирда эканини айтди.  

“Мен БМТнинг тинчликпарварлик соҳасидаги ютуқларидан фахрланаман, бунинг учун кўплаб “кўк каскалилар” (БМТнинг тинчликпарвар кучлари) тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун ўз жонларини фидо қиладилар. Аммо бир давлатнинг қўшинлари бошқа давлат ҳудудига унинг розилигисиз кирса, уларни тинчликпарвар деб ҳисоблаш мумкин эмас". 

Гутерришга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. 

“Мана шу муҳим паллада мен зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва қонун устуворлигини тиклашга чақираман. Энди керак бўлган нарса – вазминлик ва ақл. Зудлик билан кескинликни юмшатиш керак. Барча томонларни бундай хавфли вазият ёқасига олиб келадиган ҳаракатлар ва баёнотлардан тийилишга чақираман. Россия Украинага қўшимча кучларни киритиши фақат кескинликни оширади. Биз тинчлик, Украина ва бошқа мамлакатлар халқини уруш балосидан қутқариш йўлида бирлашишимиз ва бу муаммони биргаликда ечишимиз керак. Мен бу инқирозни бошқа қон тўкмасдан ҳал қилиш тарафдори бўлиб қоламан”, деган Гутерриш. 

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.

Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.

Шунингдек, Вашингтон Россиянинг ўзига ҳам санкция киритди. Чекловлар давлат суверен қарзи ва банкларига тааллуқли бўлди. Унинг ортидан Европа Иттифоқи, Канада, Буюк Британия, Австралия ва Япония ҳам Москвага қарши иқтисодий чекловлар жорий қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг