Постларнинг қайтиши — эски ҳаммом, эски тос деганими?
Жамият
−
13 Декабрь 2019
7973Вақтинча назорат постлари қўйилиши халқаро тажрибада ҳам бор ва давлатдаги чекловларни англатмайди. ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Алишеров ушбу масалага оид фикрларга ўз муносабатини билдирди.
“Тўғри, фикр билдириш ҳамманинг ҳуқуқи. Ички ишлар органлари доимо биринчи ўринга халқ манфаатларини қўяди. Ҳамма ўзича гапириб фикрларини билдиради. Бунга ҳаққи бор, лекин сизларнинг хавфсизлигингизни шу воситалар орқали таъминламасак, ким таъминлайди? Ҳамма нарсанинг тагида бир сабаб бўлади. Ўзбиларчилик билан қандайдир янгиликка интилиб бўлмайди. Ҳамма нарса хавфсизлик, аҳолимизни тинч-тотув ва фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида қилинади”, – дейди идора вакили.
Журналистлар томонидан бу масалани президент танқид қилганлиги ҳақида айтилди. Ҳолатга масъул шахс ўз жавобини берди.
“Фикрингиз тўғри. Бошида постларнинг бартараф қилиниши, камайтирилиши тўғри қилинди. Лекин вақтинча постлар айнан бирор тадбирлар, хавфсизлик масалалари учун кўзда тутилган. Бу худдики қарор бекор бўлиб кетди, дегандек туюлмоқда. Қарор ўз кучида турибди, постлар йўқ”, – дейди Абдурашид Алишеров.
ИИВ маълумотига кўра, профилактик тадбирлар натижасида жорий йилда транспорт объектларидаги умумий жиноятлар сони ўтган йилга қараганда 46,5 фоиз (2018 йилда 1253 тадан, 2019 йилда 670 тагача) камайган. Шунда ҳам оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган.
LiveБарчаси