Бу ғазабланарли – Байден Россиянинг қарорини қоралади

Олам 17275
image

АҚШ Пезиденти Жо Байден Россиянинг дон битимидаги иштирокини тўхтатиш ҳақидаги қарорини ғазаблантирувчи деб атади. Бу ҳақда у кеча, 29 октябрь куни журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатда айтган.

"Бу мутлақо ғазаблантирувчи, очликнинг кучайишига олиб келади. Уларнинг бундай ҳаракат қилишига ҳеч қандай асос йўқ", дейди АҚШ Президенти.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати раҳбари Адриан Уотсон эса Россия Федерациясининг дон битимидаги иштирокини тўхтатиш ҳақидаги қарорини озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланиш учун баҳона деб айтган.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракат муҳтож давлатлар ва жаҳон озиқ-овқат нархларига бевосита таъсир қилади. Шунингдек, гуманитар инқироз ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштиради.

Аввалроқ, Россия Мудофаа вазирлиги аннексия қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужум муносабати билан Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 433
Рейтинг: 3
t
×