“Бу дипломатик беадаблик ва ҳурматсизлик”. Захарова Боррель ва Столтенберг йўллаган жавобдан “жазава”га тушяпти
Олам
−
11 Февраль 2022
9999Россия минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида мамлакат ТИВ раҳбари Сергей Лавров йўллаган мурожаатга, Евроиттифоқ ва НАТОнинг биргаликда қайтарган жавобини қабул қилмайди. Бу ҳақда бугун, 11 февраль куни Россия ТИВ Матбуот котиби Мария Захарованинг хавфсизлик кафолати борасида НАТО ва Европа дипломатияси раҳбарлари ёзма равишда йўллаган жавоби ҳақида берган изоҳида гап боради.
“Биз хавфсизликни таъминлаш борасида “ўзаро жавобгарлик”га ўхшаб йўлланган “жамоавий” жавобни қабул қила олмаймиз. Биз мурожаат қилган минтақа вакилларининг ҳар биридан саволимизга батафсил жавоб кутамиз. Саволга алоҳида жавоб беришдан қочиш, Ғарбнинг ЕХҲТ ҳамда НАТО-Россия доирасида келишилган масъулиятлардан бўйин товлаши ва Россия ҳисобидан ўз хавфсизлигини таъминлашга уринишини англатади”, дейилади россиялик дипломат изоҳида.
Захаровага кўра, Кремлнинг саволларига НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель (гарчи Москва унга мурожаат қилмаган бўлсада) йўллаган жавобда аниқ ва тўғридан тўғри муносабат билдирилмаган.
“Кафолатнинг ўрнига биз билан хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида тўғридан-тўғри музокаралар бошлашни таклиф қилишмоқда. Эслатиб ўтамиз, Сергей Лавровнинг мурожаати шахсан Европа ва Шимолий Американинг 37 та давлати Ташқи ишлар вазирлари номига йўлланган эди. Унда биз хавфсизлик кафолати бўйича миллий миқёсда, батафсил жавоб кутишимиз ҳақида алоҳида таъкидлан”, дея қўшимча қилади Захарова.
Дипломатнинг таъкидланишича, Столтенберг ва Боррелнинг жавобини Москва сўровига “дипломатик беадаблик ва ҳурматсизлик” кўринишидан бошқа тарзда таърифлаб бўлмайди.
“Хавфсизликни таъминлаш тамойилини белгилаб берувчи ЕХҲТ ва Россия-НАТО ҳужжатларида тегишли мамлакатлар, давлат ва ҳукумат раҳбарларининг имзолари бор. ЕХҲТда давлатлар ўз миллий мақоми остида иштирок этади ва айнан шу уларнинг ўз хавфсизлигини бошқа давлатларга хавф туғдириш ҳисобидан таъминламаслигини белгилайди”, дейилади Захарованинг изоҳида.
Унинг таъкидлашича, “1999 йилги Европа хавфсизлиги Хартияси ҳамда 2010 йилги Остона декларациясида “ҳеч бир давлат, давлатлар гуруҳи ёки ташкилотга ЕХҲТ минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун асосий масъулият юкланиши мумкин эмас”, дея аниқ ва равшан кўрсатилган.
Маълумот учун, жорий йил 28 январь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бир қатор Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Ташқи ишлар вазирларига Европа минтақаси, хусусан, Россияда хавфсизликни таъминлаш борасида бир неча талаблар қайд этилган мурожаат йўллаган.
Кеча, 10 февраль куни Европа дипломатияси раҳбари Боррель ўзининг Twitter’ида у Москавага ёзма хат йўллаб, унда Россияга Беларусь ва Украина билан чегарада жойлашган Қримдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш талабини қўйгани ҳақида маълум қилган.
Ўз навбатида, Столтенберг эса Лавровга Украинадаги вазият, чегарадаги хавфни камайтириш ва қурол-яроғ назорати, жумладан, ядровий қуроллар бўйича янги музокаралар ўтказишга чақирувчи мактуб йўллаганини билдирган.
LiveБарчаси