“Бу бутун тожик халқининг хизмати”. Раҳмон Путинга орден учун раҳмат айтди
Олам
−
22 Ноябрь 2023
3260Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Россия Президенти Владимир Путинга III даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлагани учун миннатдорлик билдирди ва бу мукофотни бутун тожик халқининг хизмати, деб атади.
“Владимир Владимирович, мени “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорингиз учун раҳмат. Мен бу мукофотни Тожикистон-Россия муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган камтарона ҳиссамга берилган юксак баҳо сифатида қабул қиламан”, дейди Раҳмон мукофотни қабул қилиб олар экан.
У буни биринчи навбатда бутун Тожикистон халқининг қардош Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил ривожлантиришдаги хизматлари билан боғлашини айтди.
Путин Тожикистон раҳбарини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни 2022 йил октябрь ойида имзолаган. Раҳмон Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун давлат мукофоти билан тақдирланган.
Маросим чоғида Путин кўп йиллик ҳамкорликда Раҳмон билан самарали ва ишончли муносабатлар ўрнатганини, бу эса ўзаро манфаатли ечимларни топишга имкон берганини билдирган. Путиннинг қайд этишича, бу мукофот Раҳмоннинг Москва ва Душанбе ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси эътирофидир.
Раҳмон 21 ноябрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Москвага келди, ташрифнинг биринчи кунида Россия раҳбари билан тор доирада учрашувлар, кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди. Бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Тожикистон Президенти Москвага ташрифидан сўнг 23 ноябрга белгиланган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Минскдаги саммитида иштирок этишни режалаштирмоқда. Путин ҳам аввалроқ ушбу саммитда иштирок этишини маълум қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь