Бу босқичда барча жамоалар кучли ҳисобланади – Сречко Катанец
Спорт
−
04 Сентябрь
50592026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқич илк турида Шимолий Корея билан баҳс олиб борадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец бўлажак баҳс олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Барчаси жойида, футболчиларимиз ўйинга тайёр. Кечаги машғулотда ҳам жамоамиз диққат ва эътибор билан ўйинга тайёргарлик кўрди. Биз ўз уйимизда ўйнаймиз, шу сабабли мақсадимиз фақат ғалаба қозониш. Рақибимиз биз билан ўйинга қадар ўртоқлик ўйинлари ўтказа олди, кўпроқ машғулотда қатнашди. Биз эса яқинда йиғилдик, бироқ бу нарса биз учун янгилик эмас. 3 йилдан буён жамоа билан биргамиз ва бу борада етарлича кўникмага эгамиз. Ҳамма футболчилар йиғинга бир хил ҳолатда етиб келмади, кимдир кўпроқ ўйнади, кимдадир вазият бошқача. Лекин менинг вазифам барчасини таҳлил қилиш ва ўйинга тайёрлаш ҳисобланади. Ҳаммаси жойида, биз шу руҳда давом этишимиз керак. Бу босқичда барча жамоалар кучли ҳисобланади, хусусан, эртанги рақибимиз ҳам”, дейди Катанец
Шунингдек, мутахассис рақибнинг имкониятлари ва корейсларнинг имкониятлари қай даражада ўрганилгани ҳақида ҳам сўз очди.
“Мен эртага нима бўлишини билмайман, олдимизда катта йўл бор. Асосий эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган. Таркиб борасида эртага барчамиз гувоҳи бўламиз. Ушбу терма жамоани таҳлил қилиш қийин. Сурия ва Япония билан ўйинларда ҳар хил таркиб билан ҳаракат қилган. Жамоа тартибли, ўз услубига эга. Лекин биз ўз ўйинимизга эътибор қаратганмиз ва эртанги ўйинга ҳам нималарга қодирлигимизни майдонда исботлашимиз керак”, дейди мураббий.
Маълумот учун, Ўзбекистон-КХДР ўйини 5 сентябрь куни бўлиб ўтади. Ўйинга Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадиони мезбонлик қилади.
LiveБарчаси