Бу бошқа вилоятларда ҳам такрорланиши ҳеч гап эмас – Бурхонов Олтинсой воқеалари ҳақида нима дейди?
Интервью
−
19 Февраль 2020
7355Бир неча кундан бери “Олтинсой” воқеалари жамоатчилик муҳокамаси марказида турибди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов ҳам бу хусусда QALAMPIR.UZ сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди. У нима учун шунча воқеалар юз бергунча ҳудуддаги масъуллар сукут сақлаганини савол остига олади.
“Сурхондарёдаги “Олтинсой” воқеалари ҳақида гапирадиган бўлсам, бу борада холис, тўғри ҳуқуқий баҳо берилиши керак. Муҳокамаларни кузатиб турибмиз. Бу ерда биринчи навбатда мазкур ишларга (ноқонуний қурилиш – таҳ.) имконият яратиб берган масъуллар топилиши ва жавобгарликка тортилиши лозим. Фуқаролар ҳам ўзидан-ўзи бу ишни қилмаган. Нафақат фуқаролар, ўша ерда фермер хўжалиги бор, маҳаллалар бор, маҳалла инспекторлари бор. Ноқонуний қурилиш бўлган бўлса, нега билишмаган? Бу масала ортида ҳокимият идоралари ҳам турибди”, дейди Бурхонов.
Депутат шунингдек, мазкур масалага баҳо беришда агрессив ёндашмасликни, тўлиқ таҳлил қилинмаса, бу ҳолатга ўхшаш воқеалар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам такрорланиши мукинлигини айтди.
“Ўйлашимча, бу масалага бунақа агрессив ёндашиш керак эмас. Маҳаллий ҳокимият идоралари, маҳалла инспекторлари аҳолининг фикрини тўлиқ ўрганган ҳолда, нима сабабдан бундай бўлгани юзасидан ҳақиқий ҳолатни ўрганиши керак. Аминманки, бу аҳвол айнан ўша вилоятда эмас, бошқа вилоятларда ҳам такрорланиши ҳеч гап эмас. Нима учун шу кўринишга олиб келингани ҳақида таҳлиллар олиб борилиши керак. Нима учун давлат, ҳокимлик идоралари, фермерликлар мана шундай шароитлар яратиб берди? Юқоридагиларни тўлиқ ўрганиб, хулоса чиқариш ва қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз”, дейди Акмал Бурхонов.
Фикримизча, воқеа тегишли коммиссия томонидан тўлиқ таҳлил қилиниши керак. Ҳақиқатан ҳам бўш турган унумдор ерга ўзбошимчалик билан кўчмас мулк қуриб олиш мумкин эмас. Жойларда ҳокимият, маҳалла фуқаролар йиғини, қолаверса, фуқаролар йиғини қошида “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси ҳам мавжуд. Шунча ташкилот турган жойда бир неча фуқаролар томонидан уй қуриб олиниши кишини ўйлантиради.
Воқеа юзасидан Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Алишер Кадиров бир неча кун аввал фарқли фикрлар билдирганди. У фуқароларнинг хатти-ҳаракатини қўпол қонунбузилиши дея баҳолаб, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларга ҳам, қадриятларга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши кераклигини айтганди. Унинг бу муносабати интернет оламини “портлатганди”.
“Адолат” социал-демократик партияси раиси Наримон Умаров ушбу жараёнда адолат қарор топиши учун ҳар иккала томон ҳам тингланиши, вазият чуқур ўрганилиши лозим деб ҳисоблашини айтганди.
Кейинроқ депутат Расул Кушербоев мазкур масалада ижро органини танқид қилиб, энг аввало масъулларнинг ўзлари мавжуд қонунларга амал қилиши лозимлигини тушунтирганди. Масъулларнинг ўзлари қонунга амал қилмасдан, ҳамманинг кўз ўнгида очиқчасига, ҳар хил йўллар билан, ўз манфаати йўлида қонунларнинг баъзиларига амал қилиб, баъзиларига амал қилмай ишлайдиган бўлса, халқ ҳам ундан намуна олишини гапирганди.
LiveБарчаси