Британиянинг янги Ҳукумати таркиби маълум бўлди. Мусулмон аёл ИИВ раҳбарлигини сақлаб қолди (видео)
Олам
−
21 июл 4903 2 дақиқа
Буюк Британиянинг янги Бош вазири Энди Бернэм янги ҳукумат таркибини тақдим этди. Бу ҳақда Даунинг-стрит, 10-уйдан маълум қилинди.
Ташқи ишлар вазири лавозимини Эд Милибэнд, мудофаа вазири лавозимини эса Уэс Стритинг эгаллади. Жон Хили молия вазири, Шабана Маҳмуд эса ички ишлар вазири этиб тайинланди. Тўғрироқ айтадиган бўлса, 2025 йилда Стармер Ҳукуматида Ички ишлар вазири лавозимига тайинланган Шабана Маҳмуд ушбу лавозимни ўзида сақлаб қолди.
1980 йилда туғилган Шабана Маҳмуд келиб чиқиши покистонлик оилага бориб тақалади. 2010 йилдаги умумий сайловларда Бирмингем Ледивуд (Birmingham Ladywood) округидан Парламент жамоатлар палатасига сайланган. У Рошанара Али ва Ясмин Қуреши билан бирга Британия парламентига сайланган биринчи мусулмон аёл депутатлар триосига кирди.
Алекс Норрис адлия вазири, Иветт Купер соғлиқни сақлаш вазири, Пэт Макфадден меҳнат ва пенсиялар вазири, Жонатан Рейнольдс бизнес, инновациялар, фан ва савдо вазири, Люси Пауэлл эса таълим вазири этиб тасдиқланди. Хейди Александр транспорт вазири лавозимини сақлаб қолди.
Миатта Фанбулле энергетика ва углерод нейтраллиги вазири лавозимини эгаллади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш вазири лавозими Анжела Иглга, Ланкастер герцоглиги канцлери (махсус топшириқлар бўйича вазир) лавозими Луиза Хейгга, уй-жой қурилиши, жамоалар ва маҳаллий ҳокимият органлари вазири лавозими эса Анжела Рейнерга топширилди. Рақамли технологиялар, маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт вазири лавозимида Лиза Нэнди қолди.
Крис Брайант янги ҳукуматда Шимолий Ирландия ишлари бўйича вазир, Стивен Киннок эса Уэлс ишлари бўйича вазир бўлди. Дуглас Александр Шотландия ишлари бўйича вазир бўлиб қолди. Алан Кэмпбелл Британия парламенти Жамоалар палатаси раҳбари (ҳукуматнинг депутатлар билан ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради) ва Махфий кенгаш лорд-раиси (қирол маслаҳатчилари органи) лавозимларини, Анжела Смит эса Лордлар палатаси раҳбарини сақлаб қолди. Жамоалар палатасида парламент партия ташкилотчиси (бош “қамчи”) Аннелиз Миджли, Англия ва Уэлс Бош прокурори (атторней) – Элли Ривз тайинланди.
Бернэм 20 июль куни тушдан кейин Бош вазир лавозимини эгаллади. У май ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда мағлубиятга учраган ҳукмрон Лейбористлар партияси депутатлари босими остида истеъфога чиқишга мажбур бўлган Кир Стармернинг ўрнини эгаллади.