Британиялик мулозимлар Хитой разведкасига махфий маълумотларни сотган – “Times”

Олам

image

Британия расмийлари беш йил давомида LinkedIn ижтимоий тармоғида сохта аккаунтлардан фойдаланган хитойлик жосусга махфий маълумотларни сотган. Бу ҳақда “The Times” газетаси хабар берди.

Айтилишича, хитойлик разведка ходими одамлар ва компанияларнинг бир нечта сохта аккаунтларини яратган ва ижтимоий тармоқ орқали Қуролли кучлар, илмий-техника соҳаларида ишловчи Британия расмийлари билан боғланган. Робин Чжан, Робин Као, Эрик Ким тахаллуслари остида яширинган жосус Лондондаги етакчи университетлардан бирида таълим олганини даъво қилган. У LinkedIn’даги сохта саҳифалари учун бошқа одамларнинг суратларидан фойдаланган.

Манбага кўра, разведкачи аввалига маълум бир шахсдан ўзининг касбий қизиқишлари соҳаси бўйича маслаҳат сўраган, бироқ кейин махфий маълумотлар ёки ҳужжатларни тақдим этиш учун катта миқдорда пул беришни ваъда қилган. Шундай қилиб, у Буюк Британия разведка хизматларидаги ҳар бир янги ходим ҳақида маълумот олиш учун кадрлар бўлими ходимига 8000 фунт стерлинг (10 000 доллар) таклиф қилган. Шунингдек, у собиқ ҳарбий разведка зобитига қиролликнинг терроризмга қарши фаолияти ҳақидаги маълумот учун катта маблағ ваъда қилган.

Британия Ички ишлар вазири ўринбосари Том Тугендҳат нафақат давлат хизматчиларини, балки нозик тижорат маълумотларига эга бўлган корхоналар, олимлар ва тадқиқотчиларни ҳам эҳтиёт бўлишга чақирган. Унинг таъкидлашича, Хитой разведкаси Британия фуқаролари устидан жосуслик қилиш учун LinkedIn ижтимоий тармоғидан фаол фойдалана бошлаган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия ва Хитой хакерлари 2021 йилда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг ички тизимига, хусусан, элчилар ва дипломатлар ўртасидаги ёзишмаларга кириш имконига эга бўлгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Британия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг