Британиядаги инфляция 40 йиллик энг юқори даражага етди

Олам

image

Буюк Британияда июнь ойида инфляция йиллик кўрсаткичда 9,4% гача ўсди, бу сўнгги 40 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Буюк Британия Миллий статистика бошқармасининг бугун, 20 июль куни эълон қилинган ҳисоботи шундан далолат беради. 

Май ойида мамлакатда истеъмол нархлари индекси ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 9,1 фоизга ошди. Нархларнинг ошишига туртки бўлган асосий омиллардан бири Украинадаги можаро ва Россияга қарши санкциялар сабаб бўлган Европада кучайиб бораётган энергетика инқирози фонида электр энергияси ва ёқилғи нархининг кескин ошиши бўлди. 

Ўтган йилга нисбатан қиролликда бензин нархи 40 фоиздан кўпроққа, электр тўлови ҳажми эса 54 фоизга ошган, охирги кўрсаткич январгача яна 60 фоизга ошиши кутилмоқда. Йил давомида қиролликдаги саноат корхоналарининг хом ашё ва энергияга нархи 24 фоизга ошди – бу 1985 йилда тегишли статистик маълумотлар бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич. 

Англия банкининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, кузда мамлакатда инфляция даражаси 11 фоиздан ошиши мумкин. Март ойида Лондонда жойлашган Иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази Буюк Британия 1950-йиллардан бери турмуш даражасининг энг катта пасайишига дучор бўлиш хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирувчи ҳисобот эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида АҚШда истеъмол нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга ўсди, бу 1981 йил ноябридан бери энг катта ўсишдир. Энергия нархлари индекси ўтган йил давомида 41,6 фоизга ўсган, бу 1980 йил апрель ойидан буён бир йил ичидаги энг катта ўсишдир. Май ойида истеъмол нархларининг йиллик ўсиш суръати 8,6 фоизни, апрель ойида эса 8,3 фоизни ташкил этган эди. Июнь ойининг ўрталарида Федерал захира тизими (ФЗТ) инфляцияга қарши курашиш учун сўнгги ўн йилликларда биринчи марта базавий фоиз ставкасини бирданига 75 базавий пунктга, яъни 1,5-1,75 фоизгача оширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия инфляция

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг