Британияда футбол мухлиси кўчадан армиянинг махфий ҳужжатларини топиб олди
Олам
−
29 Март 2025 6497 3 дақиқа
Буюк Британиянинг Ньюкасл шаҳри кўчаларидан бирида ҳарбийлар ҳақида махфий маълумотлар ёзилган ҳужжатлар уюм-уюм бўлиб сочилиб ётгани аниқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, улар аскарларнинг ҳарбий унвонлари, электрон почта манзиллари, навбатчилик жадваллари, қурол-аслаҳа тақсимоти тафсилотлари ҳамда қурол омборларига кириш ва сигнализация тизими ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Мазкур ҳужжатлар 16 март куни Ньюкаслнинг Скотсвуд ҳудудида қора ахлат халтасидан тўкилиб ётган ҳолда футбол мухлиси томонидан топилган. Ахборот хавфсизлиги бўйича эксперт Гари Хибберднинг таъкидлашича, бу ҳужжатлар ичида номи қайд этилган шахсларга жиддий таҳдид туғдириши мумкин.
Британия Мудофаа вазирлиги ушбу масалани “шошилинч тартибда” ўрганаётганини ва ички текширув бошланганини маълум қилган. Маҳаллий расмийлар эса армия томонидан текширув олиб борилаётганини сабаб қилиб кўрсатиб, тафсилотларни изоҳлашдан бош тортган.
“Бироқ ахборот хавфсизлиги бузилишига йўл қўйилган бўлса, муносиб чоралар кўрилишига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин”, деган ҳукумат вакили.
Ҳужжатларнинг Британия армиясининг Catterick гарнизони ва унга тегишли полкларга алоқадор экани тахмин қилинмоқда. Улардан бирининг сарлавҳаси “Қурол омбори калитлари ва идентификация кодлари” деб номланган бўлиб, BBC'нинг тушунтиришича, бу қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар сақланадиган омбор ҳамда сигнализация тизимига кириш бўйича маълумотларни англатади.

Бошқа ҳужжатлар остига эса “расмий – махфий” деган изоҳ қўйилган. Ҳукумат кўрсатмаларига кўра, баъзи ҳолларда бундай ахборотнинг ошкор қилиниши “ҳаётга таҳдид солиши” мумкин. Кўчада топилган ҳужжатлар орасида умумий тиббий маслаҳатлар, озиқ-овқат маҳсулотлари буюртма қоғозлари, шахсий идентификация рақамлари ҳамда электрон почта манзиллари мавжуд бўлган.
Ҳужжатларни гейтсхедлик Майк Гиббард топган. У машинасини тўхтатиб, Лига кубоги финалида “Ньюкасл Юнайтед” ва “Ливерпуль” ўртасидаги ўйинни томоша қилиш учун фанзонага йўл олган пайтда қоғозларга кўзи тушган.
“Пастга қарасам, қоғоз парчалари орасида одамларнинг исмлари ва рақамлар кўриниб турибди. Қоғозлар қора пакетдан тўкилиб, йўл бўйлаб деворга суяниб ётган, ҳатто йўл ўртасида машиналар тагида ва ҳар томонга сочилиб кетган эди. Йўлнинг нариги тарафида ҳам халта ичига жойланмаган анча кўп ҳужжатларни кўрдим”, деб ҳайратга тушганини айтади у.
Гиббард топилган қоғозларни “ақлдан оздирадиган нарса” деб таърифлаб, у қуролли патруллар, қурол-аслаҳа ҳисоботи, таътил сўровлари, мобил телефон рақамлари ҳамда юқори мартабали офицерларнинг тафсилотлари акс этган ҳужжатлар борлигини кўрганини билдирган.

35 йиллик тажрибага эга ахборот хавфсизлиги эксперти Гари Хибберд бу ҳужжатлар ичида кўрсатилган шахслар учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини айтмоқда.
“Уларни ижтимоий тармоқлар орқали осонгина аниқлаш мумкин, шунингдек, босим ўтказиш, таҳдид қилиш ёки бошқа усуллар билан шахсий маълумотлари эксплуатация қилиниши эҳтимолдан холи эмас”, дейди у.
Ҳукуматнинг махфий ахборот бўйича кўрсатмаларида бундай ҳужжатлар ёмон қўлларга тушганда, Британия ёки иттифоқчи давлатларнинг ҳарбий операцияларига “ўртача, қисқа муддатли зарар” етказиши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ баъзи ҳолатларда, “янада махфий маълумотларнинг ошкор бўлиши ҳаётга таҳдид туғдириши” мумкинлиги ҳам таъкидланади. Бундай ҳужжатлар фақат ёқиш учун мўлжалланган махсус халталарда ёқилиши ёки махсус шреддерларда майдаланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц “Atlantic” нашри журналистини Яман ҳусийларига қарши ўтказиладиган махфий операцияга оид чатга қўшиб қўйган эди.