Британия Украинага ҳарбий эҳтиёжлар учун 4,6 млрд доллар ажратди
Олам
−
08 Октябрь
1735Буюк Британия Украина учун британиялик ишлаб чиқарувчилардан замонавий қурол-яроғ сотиб олиш мақсадида 3,5 миллиард фунт стерлинг (тахминан 4,6 миллиард доллар) ажратди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги, Бизнес ва савдо департаменти ҳамда ADS мудофаа ассоциацияси вакилларидан иборат савдо миссияси Украинага бориб, келгуси ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Миссиянинг ташрифи 2024 йил июль ойида имзоланган келишувнинг давоми бўлиб, унга кўра, Киев ушбу маблағларни энг янги британ қурол-яроғларини сотиб олишга сарфлаши мумкин.
Делегацияга Британия Мудофаа вазири ўринбосари Люк Поллард бошчилик қилган. У Буюк Британия Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишини – ҳарбий техника етказиб бериш ва Украина мудофаа саноати билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали ёрдам кўрсатишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳамкорлик инвестицияларни жалб қилиш ва икки давлат имкониятларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Маълум бўлишича, томонлар, шунингдек, Украинанинг мураккаб қурол-яроғ ва ерусти тизимларига бўлган эҳтиёжларини муҳокама қилган. Британия Мудофаа вазирлиги мамлакатнинг етакчи компаниялари билан бир нечта муҳим шартномалар имзолаган. Жумладан, Thales компанияси билан ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб бериш бўйича, Sheffield Forgemasters компанияси билан эса артиллерия қуроллари учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузилган.
Маълумот учун, июль ойида Буюк Британиянинг янги Бош вазири Кир Стармер Лондон Украинани Россияга қарши курашда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини эълон қилган. У телефон орқали Украина Президенти Владимир Зеленский билан суҳбатда Лондоннинг Киев учун ишончли иттифоқчи бўлиб қолишини тасдиқлаган. Ундан аввалроқ, Стармер сайловда ғалаба қозонган тақдирда, консерваторлар ваъда қилган Украинага ҳар йили камида 3 миллиард фунт (3,8 миллиард доллар) ҳарбий ёрдам ажратиш мажбуриятини бажаришини айтган. Шунингдек, Бош вазир Буюк Британиянинг ҳарбий харажатларини ЯИМнинг 2,5 фоизигача ошириш ниятини билдирган.
Бундан ташқари, 19 июль куни Украина ва Буюк Британия мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзолаган. Бу келишув фақат қурол етказиб беришни эмас, балки уларни таъмирлаш ва ишлаб чиқаришни ҳам ўз ичига олади. 11 сентябрь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украина учун қиймати 780 миллион доллардан ошадиган янги ёрдам пакетини эълон қилган. Сентябрь ойининг охирида Лондон Киевга 16 дона АС90 ўзиюрар артиллерия қурилмасини топшириши маълум бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия Мудофаа вазири ўринбосари Люк Поллард Ғарб давлатлари, хусусан, Буюк Британиянинг Украинага ёрдам кўрсатиши ортидан ҳарбий техника ва қурол-яроғ захиралари бўшаб қолганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь