Британия Украинага сувости дронларини етказиб беради

Олам

image

Буюк Британия Украина Қуролли Кучларига қирғоқ чизиғини тозалаш учун олтита мина қидирадиган дрон етазиб беради. Бу ҳақда Қироллик Мудофаа вазирлиги сайтида хабар берилган.

“Ушбу жиҳозлар ва тренинглар Украинага ўз сувларини ҳимоя қилишга ёрдам беради, дунёнинг қолган қисмига ғалла оқимини яхшилайди ва Украина Қуролли Кучларини ўз қирғоқлари ва портларини ҳимоя қилиш ҳаракатига кўмак бўлади”, дейди вазир Бен Уоллес.

Учта дрон Британия армияси захираларидан юборилади, яна учтаси ишлаб чиқарувчидан сотиб олинади. Дрон қирғоққа яқин 100 м гача бўлган чуқурликда фойдаланиш учун мўлжалланган. Британия денгизчилари ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 6-флоти ҳарбий хизматчилари украиналик ҳамкасбларини ўқитади, ўнлаб кишилар ўқитилади. Биринчи гуруҳ аллақачон Буюк Британияда машғулотларни бошлаган (“Sky News” маълумотларига кўра, гап 12 денгизчи ҳақида кетмоқда), ҳар бирининг машғулот жараёни уч ҳафта давом этади.

Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Украина ғалласини экспорт қилиш бўйича эришилган ютуқларга қарамай, Россия миналари ҳали ҳам етказиб беришга тўсқинлик қилмоқда. Уоллес ҳозирги вазиятни “Россиянинг озиқ-овқат захираларини ушлаб қолишга бўлган бемаъни уриниши” деб атади ва бунинг олдини олишга чақирди.

Россия томони бу айбловларни рад этяпти. Қўшма Штатлардаги элчи Анатолий Антонов бу борадаги ҳисоботларни “туҳмат” деб атаган ва жаҳон ҳамжамияти Қора денгиз соҳилидаги сувларни Украинанинг ўзи миналаштираётганига ишончи комил эканини таъкидлаган.

“Бу амалиёт кўплаб ижтимоий ва инфратузилма объектларига тааллуқлидир”, дейди дипломат. 

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Украина ҳарбийларининг сувларни миналаштираётгани ҳақида гапирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг