Британия Польшага денгиз пиёда батальонини юборади

Олам 3138
image

Буюк Британия ҳукумати Польшага Қироллик денгиз пиёдаларининг 3-махсус кучлари бригадасидаги батальондан 350 нафар аскарни юборади. Бу ҳақда кеча, 8 февраль куни эълон қилинган Бирлашган Қироллик Мудофаа вазирлигининг баёнотида сўз боради. 

Қайд этилишича, Шотландиянинг Арброат шаҳрида бўлиб турган Британиянинг 45-батальон ҳарбий хизматчилари, яқин кунларда Польшага жойлаштирилади.

“Улар Украина чегарасида давом этаётган кескин вазият фонида қўшма машғулотлар ўтказиш ва фавқулотда вазиятларни режалаштиришда Польша қуролли кучларига ёрдам беради”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Вазирликнинг алоҳида таъкидлашича, ҳарбийлар Польша ҳудудига НАТОга ёрдам сифатида эмас, балки, икки мамлакат ўртасидаги келишувга асосан жойлаштирломоқда.  

“Польша бизнинг энг қадимги иттифоқчиларимиздан бири. НАТО ва Европадаги муаммоларни ҳал қилишда кучли ҳамкорлар сифатида, биз Украина ҳудудий суверенитети ва НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатини ҳимоя қилишда қатъий турамиз”, деган Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Польшалик ҳамкасби билан бўлган учрашув чоғида.

Уоллеснинг таъкидлашича, томонлар Россия агрессиясини юмшатиш, Украина чегарасидаги таранг вазиятни барқарорлаштириш ва Европада хавфсизликни таъминлаш борасида расмий Москва билан музокараларни давом эттиришни муҳим деб ҳисоблайди. 

Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Шарқий Европада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун АҚШ ҳам расман ўз ҳарбийларини Польшага киритган эди. Пентагон расмий вакили Жон Кирбининг билдиришича, АҚШ НАТОга аъзо Европа давлатлари ҳисобланган Руминия, Польша ва Германияга 8,5 минг қўшин киритади.

Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса, бошқа томонда ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди. 

Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган. 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган. 

Бошқа томондан Россия, Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.

Беҳруз Саидов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 2.9
t
×