Британия Нетаньяхунинг ҳибсга олинишига қаршилик билдирмайди
Олам
−
26 Июль
8172Буюк Британия ҳукумати Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бериш бўйича Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясига эътироз билдиришдан бош тортди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Лейбористлар партияси етакчиси, Бош вазир Кир Стармер Нетаньяхуни ҳибсга олинишига қарши чиқиш сиёсати аввалги ҳукуматга тегишли эканини билдирган.
“Суднинг ҳибсга олиш борасидаги ордерига қарши чиқишга келадиган бўлсак, у жорий йилнинг 4 июль куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан олдин сайловолди дастурида илгари сурилмаган. У аввалги ҳукуматнинг таклифи. Тасдиқлашим мумкинки, ҳозирги ҳукумат мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ, ушбу йўналишга амал қилмайди. Бу суд ҳал қилиши керак бўлган масала ҳисобланади”, деган Стармер.
Шунингдек, мамлакат вазирлари бир неча кун ичида қўшимча ўзгаришлар, жумладан, Исроилнинг халқаро қонунларга риоя қилишини текшириш натижаларини эълон қилишлари ҳам кутилмоқда. Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми ҳам Исроилга қурол-яроғ сотишни тақиқлаш ҳақида ўйлаётганига ишора қилган.
Собиқ бош вазир Риши Сунак жорий йилнинг май ойида Гаагадаги Халқаро жиноий суднинг амалдаги прокурори Карим Хоннинг қарорини танқид қилган ва бир ой ўтгач, унинг ҳукумати Халқаро судга Исроил фуқаролари устидан суд юрисдикциясига эга эканлиги ҳақидаги фикрга ҳуқуқий эътироз билдиришини айтган. Сабаби, Карим Хон ҲАМАСнинг уч нафар етакчиси Яҳё Синвар, Муҳаммад Даиф ва Исмоил Хония, шунингдек, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилганди. Хоннинг айтишича, Исроил демократик давлат ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Аммо бу инсониятга қарши жиноят қилиш керак дегани эмас.
Лейбористларнинг юқори мартабали вакиллари суд мустақиллигини ҳурмат қилишини узоқ вақтдан бери таъкидлаб келган.
“Лейбористларнинг позицияси шундаки, Халқаро жиноий суд Бош прокурорининг ҳибсга олиш учун ордер бериш тўғрисидаги қарори суд ва прокурор учун мустақил масаладир”, деган мамлакат Ташқи ишлар вазири Лэмми ҳам.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳукуматнинг бундай қарори Хоннинг Нетаньяхуни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимоси қондирилишини англатмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлари учун Гаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилиши мумкинлигидан жиддий хавотирдалигини билдирганди. Суд эса Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазо секторидаги операция давомида ҳарбий жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш ордерлари масаласини кўриб чиқишни кечиктиришга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.