BRICS саммитини ўтказиш Россияга қанчага тушди?
Олам
−
26 Октябрь
17682Жорий йил 22-24 октябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида BRICS бирлашмаси давлатларининг 16-саммити бўлиб ўтди. Россия мазкур саммитни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларга 25 миллиард рубль сарфлаган. Бу ҳақда Татаристон бош вазири ўринбосари ва ҳукумат аппарати раҳбари Шамиль Ғафаровга таяниб, РБК хабар берди.
Қайд этилишича, саммитда 30 га яқин мамлакат вакиллари қатнашган. Шамиль Ғафаровга кўра, саммит учун иншоотлар ва инфратузилмани тайёрлашга федерал ҳамда республика бюджетидан қарийб 25 миллиард рубль (206 млн 898 минг доллар) ажратилган. Лекин бу тўлиқ рақам эмас. Чунки, маблағлар хусусий инвесторлар томонидан ҳам жалб қилинган.
Қозон аэропортида олти ой ичида янги перрон қурилган. Ишлар жорий йил апрель ойида бошланган ва 15 октябрга келиб объект фойдаланишга топширилган. Ушбу лойиҳа 7,7 миллиард рублга (79 млн 655 минг доллар) тушган.
Cаммитга тайёргарлик кўриш мақсадида 22 та меҳмонхонада қурилиш, таъмирлаш ва пардозлаш ишлари амалга оширилган. Хусусан, 14 та меҳмонхонада “люкс” ва “президент” тоифасидаги хоналар жиҳозланган.
Саммит Қозонга 42 та делегациядан 5255 нафар иштирокчини тўплаган. Юқори мартабали меҳмонлар келиши муносабати билан ҳар бири тахминан икки килограмм бўлган 55 лаган чак-чак тайёрланган. Уч кун давомида саммит учун жами 300 килограмм ушбу таом тайёрланган.
“Мисс Татарстан” жамоат ташкилоти раҳбари Изольда Сахаровага кўра, делегацияларни аэропортда 55 нафар модель кутиб олган. Саммит учун жами 150 нафар қиз жалб қилинган. Аэропортда доимий равишда уч нафар моделдан иборат беш гуруҳ навбатчилик қилган, вақти-вақти билан гуруҳ таркиби ўзгариб турган. Кутиб олувчилар орасида эркак моделлар ҳам ишлаган. Улар жами 20 га яқин киши бўлган. Саммитнинг биринчи рақамли шахсларини кутиб олиш учун фахрий қоровул Қозон қизил байроқли танк билим юрти курсантларидан ташкил этилган.
Шунингдек, делегациялар аэропортдан яшаш жойларига етиб боргунча ҳаракатланган йўлларда ёритиш тизими янгиланган, жамоат транспорти бекатлари ва тураржой бинолари фасадлари таъмирланган, йўл қопламаси тикланган, ерусти ва ерости пиёдалар ўтиш жойлари қурилган ва янгиланган. Бундан ташқари, янги “Элмай” болалар боғи яратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ BRICS саммитига борганлар қандай таомлар билан сийлангани ҳақида хабар берилган эди. Кечки овқат менюсига анъанавий татар таомлари киритилган. Хусусан, делегацияларга қистиби – картошка пюреси билан тўлдирилган анъанавий нон, осетрина балиғи ва қўзиқоринли чучвара, шунингдек, қўзичоқнинг димланган оёғи тортилган.