BRICS давлатлари Ғазода “зудлик билан ва кенг қамровли” ўт очишни тўхтатишга чақирди

Олам

image

BRICS мамлакатлари Яқин Шарқдаги воқеалардан чуқур хавотир билдирди. Бу ҳақда BRICS саммити иштирокчилари томонидан тасдиқланган саммитнинг Қозон декларациясида сўз боради.  

“Биз босиб олинган Фаластин ҳудудидаги вазиятнинг ёмонлашуви ва инсонпарварлик инқирози, хусусан, Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда оммавий ўлим ва жароҳатларга олиб келган зўравонликларнинг мисли кўрилмаган кучайиши, тинч аҳолининг мажбурий кўчирилиши ва фуқаролик инфратузилмасининг кенг миқёсда вайрон бўлишидан жиддий хавотиримизни яна бир бор билдирамиз. Биз Ғазо секторида кенг қамровли ва доимий ўт очишни тўхтатишни зудлик билан амалга ошириш, ҳар икки томоннинг барча гаровга олинган ва ноқонуний асирда ушлаб турилган маҳбусларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилиш ва Ғазо секторига гуманитар ёрдамни тўсиқсиз, барқарор ва кенг миқёсда етказиб бериш, шунингдек, ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаймиз”, дейилади ҳужжатда.

BRICS давлатлари 1967 йил июнь ойидаги халқаро тан олинган чегараларга мос келадиган, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, Исроил билан тинчлик ва хавфсизликда ёнма-ён яшайдиган суверен мустақил ва ҳаётга қодир Фаластин давлатини барпо этишни назарда тутадиган халқаро ҳуқуқ, шу жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблиясининг тегишли резолюциялари ва Араб Тинчлиги асосидаги икки давлат ечимига қатъий содиқлик контекстида БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлашларини тасдиқлади. Бундан ташқари, BRICS мамлакатлари Жанубий Ливандаги вазиятдан хавотир билдирди.

“Биз Исроилнинг Ливандаги тураржой ҳудудларига уюштирган ҳужумлари оқибатида тинч аҳолининг ўлими ва фуқаролик инфратузилмасига етказилган катта зарарни қоралаймиз ва ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Биз Ливан суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун сиёсий-дипломатик ечим учун шарт-шароит яратиш зарурлигини таъкидлаймиз, шу билан бирга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701 (2006) ва 2749 (2024) резолюцияларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидлаймиз. Биз БМТ ходимларига қилинган ҳужумларни ва уларнинг хавфсизлигига таҳдидларни кескин қоралаймиз ва Исроилни бундай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, дейилади ҳужжатда.

Саммит иштирокчилари умумий манфаатлар ва асосий устуворликларга асосланган BRICS мамлакатлари ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш муҳимлигини, шунингдек, BRICS руҳига содиқликларини яна бир бор тасдиқлади. Хусусан, ҳужжатда “ноқонуний бир томонлама мажбурлов чоралари, жумладан, ноқонуний санкцияларнинг жаҳон иқтисодиёти, халқаро савдо ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга салбий таъсири” юзасидан чуқур хавотир билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made