Бразилияда сув тошқинлари оқибатида 39 киши ҳалок бўлди (фото)
Олам
−
04 Май
3635Бразилия жанубидаги Риу-Гранде-ду-Сул штатида сув тошқинлари оқибатида 39 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Мамлакат фуқаролик мудофааси департаменти 70 га яқин одам бедарак йўқолганини маълум қилган.
Кучли ёмғир штатнинг 497 шаҳрининг ярмидан кўпига таъсир кўрсатгани сабабли камида 24 минг киши уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
"Бу рақамлар яқин кунларда сезиларли даражада ўзгариши мумкин, чунки биз кўпроқ ҳудудларга кириш имконига эга бўламиз", дейди штат губернатори Эдуардо Лейте.
Такуари дарёси водийсидаги бутун шаҳарлар бутунлай сув остида қолган. Айрим шаҳарларда кўчалар дарёга айланган, йўллар ва кўприклар вайрон қилинган. Шунингдек, сув тошқинлари гидроэлектр тўғонининг қисман вайрон бўлишига олиб келди.
Штат пойтахти Порту-Алегрида дарё қирғоқларидан тошиб кетди ва сув босган кўчалар шаҳарнинг марказий маҳаллаларига киришни тўсиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Бразилияда одамларнинг ҳаётига зомин бўлган сув тошқинлари юзасидан ҳамдардлик билдирганди.