Бразилия Президенти Путиннинг таклифини рад этди
Олам
−
27 Май 2023
14550Бразилия Президенти Луиз Инасиу Лула да Силва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Санкт-Петербургга келиш ҳақидаги таклифини рад этди. Бу ҳақда кеча, 26 май куни етакчиларнинг телефон орқали суҳбатидан сўнг маълум қилинди.
“Мен Санкт-Петербургдаги Халқаро иқтисодий форумга таклиф қилгани учун миннатдорчилик билдирдим ва ҳозир Россияга кела олмайман, деб жавоб бердим”, деб ёзган Лула да Силва Twitter'даги саҳифасида.
Шунингдек, Лула Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларида иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлаб, Бразилия Хитой сингари “нейтрал” давлат ва урушаётган томонлар ўртасидаги “воситачи” эканини билдирган.
Маълумот учун, президентлар телефон орқали мулоқотида Россия-Бразилия стратегик шериклигининг айрим долзарб жиҳатларини муҳокама қилиб, уни янада изчил ривожлантириш ва турли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирган эди. Бундан ташқари, BRICS ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасида ҳамкорликдаги ишлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 21 май куни Бразилия Президенти Инасиу Лула да Силва Хиросимадаги G7 давлатлари саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашган эди. Мазкур учрашувда икки томонлама стратегик шерикликни, айниқса мудофаа, ишлаб чиқариш, савдо ва қайта тикланадиган энергия соҳаларига доир бўлган мавзулар муҳокама марказида бўлганди.
LiveБарчаси