Бразилия Президенти эмланмагани сабабли стадионга киритилмади
Спорт
−
12 Октябрь 2021
4525Жорий йилнинг 10 октябрь куни Бразилия А сериясининг 24-туридан ўрин олган “Сантос” ва “Гремио” ўртасидаги ўйинга мамлакат Президенти Жаир Болсонаро коронавирусга қарши эмланмагани сабабли юзлаб мухлислар қаторида стадионга киритилмади.
Гап шундаки, бу учрашув “Сантос” клуби учун COVID-19 пандемияси бошланганидан бери “Била Белмиро”даги биринчи учрашув эди. Шунинг учун клуб фақат эмланганлар ёки ПЦР тестининг салбий натижаси тўғрисидаги сертификатга эга бўлганларгагина стадионга киришга рухсат берган.
“Мен “Сантос” иштирокидаги ўйинни кўришни хоҳлагандим. Улар эса эмланишим кераклигини айтишди”, дейди Болсонаро.
Жаир Болсонаро аввал коронавирус билан касаллангани учун унда бошқаларга нисбатан антитаначалар миқдори кўпроқ эканини иддао қилган ва эмлашдан бош тортган.
“Сантос” вакилининг айтишича, Президент маъмурияти клуб билан боғланмаган ва барча мухлислар карантин қоидаларига риоя қилишлари керак. Шу кунга қадар, Бразилияда COVID-19 хасталигидан вафот этганлар сони 600,000 дан зиёдни ташкил қилган.
Маълумот учун, учрашувда мезбон клуб – “Сантос” Вагнер Леандронинг ўйин сўнгида киритган голи эвазига ғалаба қозонди.