Божхона ходими ҳужжатини сохталаштирганлар ушланди
3-саҳифа
−
04 Ноябрь 4716 1 дақиқа
Андижонда банкдан кредит олиш учун божхона ходимининг сохта гувоҳномаси ва ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тайёрлаш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Божхона қўмитаси ҳамда Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бир гуруҳ шахслар томонидан божхона органлари расмий ҳужжатларини қалбакилаштириш ҳолатларига чек қўйилган.
Тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, у ерда “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Кадрлар Бошқармаси” ёзувли муҳр, ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотномалар, ушбу шахснинг гўёки божхона ходими эканини тасдиқловчи гувоҳнома, ишга алоқадор бошқа ҳужжат ҳамда воситалар борлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, 3 нафар шахсдан иборат уюшган гуруҳ ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тайёрлаб, унга сохта муҳр босиб, қалбакилаштирилган хизмат гувоҳномалари билан ҳудудлардаги банкларга кредит олиш учун тақдим этиб келган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ўзини Президент Администрацияси, ДХХ ва бошқа ташкилотлар ходими сифатида таништириб, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини сохталаштириб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келган шахс ушланганди.
Live
Барчаси