Бошланғич синф ўқувчилари учун дарсликлар вазни 300 грамдан ошмаслиги белгиланди
Жамият
−
03 Январь 2023
5225Ҳукумат қарори билан “Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги талабларини белгилашнинг умумий техник регламенти” тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Регламент билан қуйидагилар белгиланди:
• мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим соҳасида фойдаланиладиган матбаа маҳсулотларининг хавфсизлигига қўйиладиган талаблар;
• ёзув учун мўлжалланган матбаа маҳсулотларига кўйиладиган хавфсизлик талаблари;
• ўқув нашрлари ва қўшимча таълим учун нашрлар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар;
• нашрларни қадоқлашга доир талаблар;
• матбаа маҳсулотини идентификациялаш, намуналарни танлаш ва назорат қилиш услублари.
Жумладан, умумий ўрта таълим ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим учун ўқув нашрларида тор ёзиладиган шрифтлар қўллаш мумкин эмас.
Шунингдек, таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларида газета қоғози ва ялтироқ қоғоздан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ёш тоифасига қараб нашрлар:
• 1-4-синфлар;
• 5-9-синфлар;
• 10-11-синфларга мўлжалланади.
Нашр вазни дарсликлар учун:
• 1-4-синфлар учун 300 грамдан;
• 5-6-синфлар учун 400 грамдан;
• 7-9-синфлар учун 500 грамдан;
• 10-11-синфлар учун эса 600 грамдан ошмаслиги керак.
1-4-синфлар учун адабиётларда рангли бўёқлар, шрифтни белгилаш, чизилган шрифтлар, кўп устунли териш қўлланилмайди. Регламент расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач амалга киритилади.
LiveБарчаси