Бош вазирга суиқасд уюштирган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин
Олам
−
18 Май
5587Словакия Бош вазири Роберт Фицога суиқасд қилишда гумонланган шахс Юрай Цинтула умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади. Бу ҳақда SМЕ нашри хабар берди.
Қайд этилишича, гумонланувчи 71 ёшда бўлиб, аввал савдо марказида қўриқчи бўлиб фаолият юритган. Гумондор бугун, 18 май куни кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида суд залига олиб келинди. Унга қасддан суиқасд уюштириш айби қўйилди.
“Уни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда”, дейилади нашрда.
Гумондор суд давомида қилган ишидан афсусда эмаслигини таъкидлади. У сиёсатдан норози бўлгани учун ҳукумат раҳбарига қарата ўқ узганини билдирди. Аниқланишича, у Бош вазирни ўлдирмоқчи эмас, балки зарар етказмоқчи бўлган.
Билдирилишича, жиноят сиёсий сабабларга кўра содир этилган.
Маълумот учун, Фицога суиқасд 15 май куни Словакия ҳукумати йиғилиши бўлиб ўтаётган Гандлова шаҳарчасида Маданият уйи олдида содир бўлган. Бош вазир оломон орасидан ўтаётганда улардан бири унга исмини айтиб мурожаат қилган, сўнг тўппончани чиқариб, ўқ отишни бошлаган. Шундан сўнг, у воқеа жойида қўлга олинган. Фицога учта ўқ тегди – иккитаси ошқозонга, бири елкасига. Унинг аҳволи барқарор, аммо оғир экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Роберт Фицога суиқасд уюштирмоқчи бўлган Юрай Цинтула ҳеч қандай радикал гуруҳга аъзо бўлмагани, аммо ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани аниқланганди.
LiveБарчаси