Бош вазир Аҳмаджоновни яна танқид қилди
Спорт
−
22 Май 2019
22749Бугун Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон спортидаги мавжуд муаммолар, Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик масалаларига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, 15 май куни Миллий олимпия қўмитасида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган эди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов бошқарган ўша йиғилишда миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ўз лавозимидан озод этилганди.
Абдулла Арипов танқидий руҳда ўтган ўша йиғилиш якунида бир ҳафтадан сўнг федерация раҳбарлари билан Вазирлар Маҳкамасида учрашишини айтганди. Бугун ўша белгиланган муддат етиб келди ва айтилган манзилда МОҚда бошланган йиғилишнинг иккинчи қисми бўлиб ўтди.
Йиғилишда асосан олимпия оиласига мансуб спорт федерациялари раҳбарлари иштирок этган. Бош вазир миллий олимпия қўмитаси фаолияти, спортчиларимизнинг Токио-2020 Олимпиадаси лицензиялари йўлидаги кураши ва бошқа қатор масалаларни кескин танқид остига олди.
Жумладан, Абдулла Нигматович Олимпиадага бир йилдан сал кўпроқ вақт қолган бир пайтда бор йўғи иккита лицензия қўлга киритилгани, бундан тўрт йил аввал худди шу вақтда лицензиялар сони 10 тадан ошиқ бўлганини алоҳида урғулади.
Ўз ўрнида 17 та истиқболли олимпия спорт турлари федерациялари раҳбарлари асосий лицензион турнирлар олдинда эканлиги, Токио-2020 учун камида 100 та лицензия қўлга киритилишини айтишди.
Бир ҳафта аввал МОҚда ўтган йиғилишда қатор федерация мутасаддилари миллий олимпия қўмитаси томонидан олиб борилган молиялаштириш тизимидан норози бўлишганди.
Жумладан, Ўзбекистон Rowing & Canoe федерацияси номидан сўзга чиққан Татьяна Маматқулова йиллик тақвимдан ўрин олган мусобақалар, хусусан лицензион турнирларга айнан молия тизими масаласи сабаб юборилмаганидан нолиган эди.
Бугунги йиғилишда Абдулла Арипов федерацияларни марказлашган ҳолда молиялаштириш масаласи миллий олимпия қўмитаси зиммасида қолиши, лекин бу жараён жиддий назорат қилиниши, спортчиларнинг йиллик тақвимга киритилган нуфузли мусобақалардаги иштироки таъминланишини айтди.
Йиғилишда бош вазир Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг янги раҳбари Рустам Шоабдураҳмоновга бошқарув тизими, кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш вазифасини топширди.
Селектор йиғилишида Ўзбекистон футбол ассоциацияси фаолиятига ҳам тўхталинди. Абдулла Арипов ассоциация фаолияти қониқарсиз ҳолатда эканлиги, ислоҳотларга муҳтожлигини алоҳида таъкидлади. Бу гаплардан кўриниб турибдики, тез орада Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳам кескин ўзгаришлар рўй бериши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь