Бош прокуратурада коррупцион жиноятга оид йиғилиш ўтказилди

Жамият 2154
image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мувофиқлаштирувчи кенгашининг ҳамда Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия ва Олий суд вакиллари, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссия раиси ва аъзолари иштирок этди.

Тадбирда коррупцияга оид жиноят ҳақидаги хабарлар бўйича терговга қадар текширув ўтказиш, бу тоифадаги жиноят ишлари юзасидан тергов ва суд амалиёти, етказилган моддий зарарни ундирилиши ва соҳадаги прокурор назорати аҳволи муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупцияга оид жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш орқали фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, бу тоифадаги ариза ва хабарларни ҳал этишда жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлаш борасида йўл қўйилган камчиликлар, айниқса, тергов сифатини таъминлаш чоралари кўрилмаётганлиги кескин танқид остига олинди. 

Бундай салбий ҳолатларнинг вужудга келиш сабаб ва шарт-шароитларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, йиғилишда терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар томонидан жиноий-ҳуқуқий статистика соҳасида юритилган ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги ҳамда бу борадаги прокурор назорати аҳволи кўриб чиқилди. 

Муҳокама давомида “Жиноятларни, уларни содир этган шахсларни, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ҳамда суднинг процессуал қарорларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ва “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика ягона ахборот тизимини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги танқид қилинди ҳамда жиноий-ҳуқуқий статистика соҳасидаги фаолиятни мунтазам ўрганиб, ушбу йўналишни назоратга олиш бўйича аниқ талаблар қўйилди.

Йиғилишда вилоят прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, ички ишлар бошқармалари ва тегишли бошқа органларнинг соҳа учун масъул раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва муҳокама қилинган соҳаларда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 2.8
t
×