Бош прокуратура нега сукут сақлаяпти? Депутат Ғаниев масаласида изоҳ талаб қилди

Жамият 13766
image

Бугун, 15 декабрь куни “Демократик дебат”нинг навбатдаги сонида ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани иддао қилинаётган аудио масаласи кўтарилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев прокуратурадан ушбу масалага ойдинлик киритиш ва ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

“Биз бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Бош прокуратура ҳуқуқий баҳо беришини сўраймиз. Умид қиламизки, улар вазият юзасидан аниқ ҳуқуқий баҳо беради ва тегишли жавобгарлик масаласини керак бўлса кун тартибига олиб чиқади ҳамда жамоатчиликни унинг натижасидан хабардор қилади”, деди Кушербоев.

Депутат Шуҳрат Ғаниевга нисбатан қандай чора кўрилиши масаласида ўз фикрини билдириб, Қонун олдида ҳамма тенглигини эслатиб ўтди.

“Нима билан қутулиши-қутулмаслигини ҳозир айта олмайман, чунки бу бизнинг ваколатимиздаги иш эмас. Лекин биз умид қиламиз ва талаб қиламизки, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиб, ҳеч ким бунақа даражада босим ўтказиш ва қўрқитишга ҳақли эмас. Жумладан, ҳокимлар ҳам.

Қонунлар ҳамма учун баробар ва халқнинг иродаси билан қабул қилинган. Қонунларга оёқ қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Марҳамат қилиб жавоб бериши шарт”, деди депутат.

Таъкидлш жоизки, ушбу аудио юзасидан ҳозирча ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот органи лом-мим демади.

Бир блогернинг жанозаси ўқилиши кераклиги айтилган аудио бўйича Фарғона вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди ва овоз Шуҳрат Ғаниевга тегишли эмаслигини иддао қилди. Ҳокимлик бу аудиони “пранкер”лар тайёрлаганини айтиб ўтган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 472
Рейтинг: 3
t
×