Бош прокуратура Ҳаж ва Умрага юбориш билан шуғулланаётганларни огоҳлантирди

Жамият

image

Бош прокуратура сўнгги пайтларда айрим тадбиркорлик субъектлари алдов йўли билан Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этиб беришни ваъда қилиб, фуқароларни Саудия Арабистонига олиб бораётгани ва тадбирларни ташкил этмай, зиёратчиларни сарсон қилиб, уларнинг хавфсизлигини хавф остида қолдираётгани юзасидан огоҳлантириш билан чиқди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бундай жиноий қилмишларни содир қилган 40 шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, улар ҳозирда тергов олдида жавоб бермоқда.

Хабарда хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўтказилаётган ўрганишларда айрим юридик ва жисмоний шахслар лицензиясиз Умра тадбирларини ташкил этиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келаётгани айтилган.

Қайд этилишича, охирги 5 ойда 26 та тадбиркорлик субъекти лицензиясиз фаолият юритгани учун жавобгарликка тортилган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 7 июндаги 364-сонли қарорига кўра, Ҳаж тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Умра тадбирлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тегишли лицензияга эга юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668 – сонли қарорига кўра, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилган лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари шуғулланади. Ҳозирда республика бўйича бундай лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари сони 12 тани ташкил қилади.

Лицензиясиз Умра тадбирларини ташкил этиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, лицензияланиши лозим бўлган фаолият билан лицензиясиз шуғулланган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси (лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима қўлланади.

Агар, лицензиясиз шуғулланиш жуда кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, Жиноят кодексининг 190-моддасига (фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёхуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш) асосан жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Шунингдек, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 52-моддасига кўра, лицензиясиз фаолият юритган юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида молиявий жарималар солинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра зиёратига юбориш учун тегишли лицензия ва рухсатномаси мавжуд бўлмасдан туриб, 2,5 мингдан ортиқ одамни чув тушираётган туроператорлар аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Ҳаж Умра

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг