Курс UZS

USD

12 968.38

-4.93

EUR

14 343.03

14.01

RUB

152.37

1.18

Умрага боришни ният қилган 2,5 мингдан ортиқ одам алданди

3-саҳифа

image

“Умра” зиёратига юбориш учун тегишли лицензия ва рухсатномаси мавжуд бўлмасдан туриб, одамларни чув тушираётган туроператорлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, “Умра” зиёратчиларига энг катта миқдорда, яъни 25 млрд сўмлик зарарни “Panorama Airways” ва “Gulbakhor Airways”  фирмалари етказган бўлиб, алданиб қолган жабрланувчилар сони 2 558 нафарни ташкил этади.

Қолаверса, Сурхондарё вилояти “Bilolbek travel” МЧЖ Жарқўрғон тумани филиали ходими Н.Ж. тегишли рухсатномасиз “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаро М.А.нинг 14 млн 900 минг сўм миқдоридаги пулини алдов йўли билан олган.

Шунингдек, мазкур МЧЖнинг Бойсун туман филиали мутахассиси А.С. ҳам зиёрат учун фуқаро Х.М.нинг ишончига кириб, 2 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Билдирилишича, юқоридаги ҳолатларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларни алдов йўли билан ишончига кириб, пулларини ўзлаштираётган, ўзларини эса хорижда сарсон бўлишига сабаб бўлаётган сайёҳлик фирмалари ва туроператорларига тегишли чоралар кўрилган.

Шунингдек, қўмита фуқаролардан нотўғри, ишончсиз ва шубҳали реклама ахборотлари берилган ҳолатлар кузатилса ёки бундай ахборот туфайли зарар кўрган тақдирда, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига мурожаат қилишларини сўраган.

Маълумот учун, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолият Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли ҳамда 2024 йил 12 октябрдаги 668-сонли қарорлари асосида амалга оширилади. “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига 2024 йил 2 июлда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.

Ўз навбатида, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатишга рухсат берилган (лицензияга эга) 12 та туроператорлар рўйхати эълон қилинган. Тегишли лицензияга эга бўлмаган субъектлар томонидан ушбу хизматларни кўрсатиш тақиқланган.

Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Умра” лицензиясига эга бўлмасдан, ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг