Бош мураббийи ва директори тотализатор ташкил этишда айбланган клуб чемпионатдан четлатилди

Спорт 1310
image

“B” Про-лигада иштирок этиб келган Бухоронинг иккита клуби – “Зарангари” ва “Иттифоқ Бухоро” жамоалари мусобақадан четлаштирилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитасининг қўшма йиғилишида шу ҳақда қарор қабул қилинди.

Жорий йилнинг 23 апрель куни бўлиб ўтган B Про-лиганинг 3-тури доирасидаги “Зомин” – “Зарангари” жамоалари ўртасидаги учрашувга “Зарангари” клуби белгиланган вақтда келмагани учун жамоага нисбатан техник мағлубият қайд этилган эди. Шунингдек, 4 июнь куни бўлиб ўтган B Про-лиганинг 9-тури доирасидаги “Орол” – “Зарангари” жамоалари ўртасидаги учрашувга ҳам “Зарангари” клуби белгиланган вақтда келмагани учун техник мағлубият қайд этилган.

Қолаверса, “Зарангари” қатнашчилик бадалини ЎзПФЛга жорий йилнинг 20 март кунига қадар тўлаши лозимлиги белгиланган бўлса-да, ўтган давр мобайнида футбол клубига бир неча маротаба огохлантириш берилганига қарамасдан қатнашчилик бадалини ҳозирги кунга қадар тўлиқ тўламагани маълум бўлди.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг “Иттифоқ” футбол клуби ЎзПФЛ томонидан  футболчиларга берилган тегишли лицензиялар қалбакилаштирилгани, U-18 жамоаси ташкил этилмагани, қатнашчилик бадалини ЎзПФЛга жорий йилнинг 20 март кунига қадар тўлаши лозимлиги белгиланган бўлса-да, ўтган давр мобайнида клубга бир неча маротаба огохлантириш берилганига қарамасдан қатнашчилик бадалини ҳозирги кунга қадар тўлиқ тўламагани, жамоа бош мураббийи Шерзод Сатторов келишилган ўйинларда иштирок этгани аниқлангани маълум бўлди. 

“Зарангари” футбол клуби 2019 йилги мусобақаларни ўтказиш регламентининг 15.8. ҳамда 6.24-бандига асосан Ўзбекистон чемпионатининг B Про-лигасидан четлаштирилади. 

Бухоро вилоятининг “Иттифоқ” футбол клуби ҳам 2019 йилги мусобақаларни ўтказиш регламентининг худди шу бандлари ҳамда Интизом кодексининг 5.35-бандига асосан Ўзбекистон чемпионатининг B Про-лигасидан четлаштирилди.

Ушбу икки жамоа ҳозирга қадар мавсум ҳисобидан ўтказилиши лозим бўлган ўйинларнинг ярмини ҳали ўйнаб улгурмагани сабаб Регламентга кўра, уларнинг ҳозирга қадар ўтказган баҳслари натижалари тўлиқ бекор қилинади.

Мазкур клубларга ўзлари шартнома имзолаган футболчилар ва бошқа ишчи ходимлар билан шартномада шу кунгача белгиланган шартларни тўлиқ бажариш мажбурияти юкланади. 

2019 йилнинг 12 июнь санасидан бошлаб ҳар икки клуб футболчилари эркин агентга айланади ва уларга 9 июль санасидан бошлаб бошқа клублар билан шартнома имзолашга рухсат этилади.

ЎФА ахборотида қайд этилишича, клублар мазкур қарор юзасидан 10 кун ичида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Аппеляция қўмитасига шикоят қилиши мумкин.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3.9
Будьте в курсе событий!
×
×