Боливияда давлат тўнтариши ўтказишга уринган генерал ҳибсга олинди
Олам
−
27 Июнь
4742Боливия армиясининг собиқ қўмондони, давлат тўнтариши ўтказишга уринган генерал Хуан Хосе Суньига Бош прокуратура талаби билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Қайд этилишича, Суньига Бош штаб биносидан чиқиб кетаётган пайтда қўлга олинган, сўнгра полиция машинасида прокуратурага олиб кетилган. Айни пайтда Боливия Бош прокуратураси давлат тўнтаришига уриниш ва содир бўлган воқеалар билан боғлиқ кенг қамровли тергов бошланганини эълон қилди.
Нима бўлди?
Боливия президенти Луис Арcе Боливия армиясининг айрим бўлинмалари тартибсиз сафарбар қилингани ҳақида хабар бериб, армияни демократияни ҳурмат қилишга чақирди.
Ижтимоий тармоқларда чоп этилган кадрларда Боливиянинг Ла-Пас шаҳридаги Президент саройи ҳудудига ҳарбий зирҳли техникалар қандай кириб келгани акс этган. Ҳарбийларнинг ҳаракатларидан норозилигини билдирган фуқароларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланилган.
Арcе ҳукумат саройига бостириб киришга уринган Суньига билан гаплашди ва қўшинларни зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Боливия Президенти халққа мурожаатида тинчликка чақирди.
“Боливия Президенти ва вазирлари навбатчиликда. Мен халқни демократияни ҳимоя қилишга чақираман. Ҳарбийлар зудлик билан ҳаракатни тўхтатиб, ўз вазифаларига қайтишлари керак. Демократия ва конституцияни ҳурмат қилишларини истайман”, дейди Арcе.
Боливия аҳолиси Президент Луис Арсенинг чақириғига жавоб бериб, мамлакатда давлат тўнтаришига уринган ташаббускорларига норозилик билдирди. Боливия армиясининг янги тайинланган қўмондони Хосе Уилсон Санчеснинг буйруғи билан тўнтаришга уринган ҳарбийлар ўз бўлинмаларига қайтди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси