Боласига “Док-1 Макс” ичирган ота-оналар нима қилиши кераклиги айтилди
Саломатлик
−
29 Декабрь 2022 27117 2 дақиқа
Айни пайтда фарзандига “Док-1 Макс” сиропини берган ота-оналар ушбу дори воситалари ҳақидаги хабарларни эшитгач, хавотирга тушган бўлиши табиий ҳол. Бугун, 29 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева ушбу ҳолатда қандай йўл тутиш кераклигини маълум қилди.
“Агар фарзандингизга “Док-1 Макс” сиропини ичирган бўлсангиз ва бугунгача болангизнинг ҳолати юзасидан ҳеч қандай хавотирли шикоятингиз бўлмаса ҳам ўзингиз яшаб турган ҳудуддаги оилавий шифокорга ёки тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг”, дейди у.
Севара Убайдуллаева шифокорлар болани тўлиқ назоратга олиши кераклигини таъкидлаган.
“Болангиздаги ҳолатни шифокорлар тўлиқ ўрганиб чиқиши керак. Дори воситасининг таркибидаги заҳарли модданинг организмга қанчалик таъсир қилиш-қилмаслиги ва бола қабул қилган дозага боғлиқлиги ҳам бугунги кунда тасдиқланмоқда. Агар “Док-1 Макс” воситасини қабул қилиб, бугун болангизнинг аҳволи яхши бўлса, шифокорларга мурожаат этганингиздан сўнг, улар буни тўлиқ назоратга олади”, деди Убайдуллаева.
Унинг қўшимча қилишича, дори истеъмол қилган болаларда қандайдир ўзгариш кузатиладиган бўлса, тез тиббий ёрдамга ёки республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг барча ҳудудий филиалларига зудлик билан мурожаат қилиш зарур.
“Сабаби шуки, бу болаларнинг организмига заҳарли моддалар тушганидан сўнг кузатилиши мумкин бўлган ўткир буйрак етишмовчилигининг оғир ҳолатларини қайта тиклаш қийин бўлиши мумкин. Зудлик билан мурожаат қилганинигизда болаларни сақлаб қолиш имкониятини оширади”, дея таъкидлади Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъули.
Эслатиб ўтамиз, “Док-1 Макс”ни фош қилган шифокорлар нега ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Live
Барчаси