Болаларни уриб тарбияласа бўлади…ми?
Жамият
−
17 Октябрь 2023
5562Ўзбекистонда 2023 йилнинг тўққиз ойи давомида 1 200 дан ортиқ вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Аксарият ҳолларда болаларнинг яқинлари, қариндош-уруғлари томонидан уларга нисбатан куч ишлатилган. “Ҳа, болани тарбиялаш учун туртиб туриш керак-да”, ё бўлмасам “Болани уриб тарбиялаб бўлмайди” деяётгандирсиз, бу сизнинг фикрингиз. Бугун QALAMPIR.UZ айнан шу мавзуни батафсил ўрганиш мақсадида аҳоли ўртасида сўровнома ўтказди.
Сўровномада иштирок этган аксарият фуқаролар болаларни уриб тарбиялаб бўлмаслигини, аксинча уларга нисбатан яхши муомалада бўлиш кераклигини маъқуллади.
“Йўқ, болаларни уриб тарбиялаб бўлмайди. Болаларни ўқитувчилардек тарбиялаш керак. Улар энг чиройли тарбия берувчи касб эгаларидир. Мен ўзим шифокорман. Лекин шифокорлар ҳам ўқитувчилардан қолишмайди”, дейди сўровнома иштирокчиси.
“Бу нарса умуман нотўғри, мен бунга қаршиман. Мисол учун, олдингизда гул турибди, уни синдириб олсангиз қандай бўлади?! Бу нарса боланинг руҳиятига, келажагига таъсир қилади”, дейди яна бири.
“Болаларни уриб тарбиялаш нотўғри. Уларни фақат яхши гапириб, тўғри тушунтириб тарбиялаш керак. Урсангиз баттар бўлиб кетади. Сизга “напринцип” бўлиб, кейин гап ҳам, калтак ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Менинг ҳам учта болам бор, айтган нарсасини муҳайё қилиб бераман. Бу ҳам нотўғри нарса, албатта”, дейди бошқа бир фуқаро.
Аммо сўровнома иштирокчиларидан айримлари болани баъзан туртиб туриш ҳам наф беришини айтди.
“Яхшилаб уриш керак. Саккизта ўғлим бор, улардан фақат иккитасини уйлантирдим. Фарзандларимни урганман”, дейди ёши элликлар атрофидаги эркак.
“Болаларни уриб туриш керак. Менинг фикрим шу. Гапга кирмаса нима қилиш керак?! Мен ҳам калтак еганман, лекин болаларимни урмаганман”, дейди бошқа бири.
Сўровномада қатнашган ёши катта фуқаролар эса болаларни уриб тарбиялашни кескин қоралади.
“Бу нарса нотўғри. Мен ҳам фарзандларимни қулоқ солмаганида, кўчага ўзбошимчалик билан чиқиб кетганида урганман. Лекин ҳозир йигирма нафар неварам бор. Болаларга фақат меҳр бериш керак, шунда улар ҳеч қачон ўзбошимчалик билан иш қилмайди”, дейди онахон.
LiveБарчаси