Болалар соғлиғи ва ахлоқи учун хавфли жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилади

Жамият

image

Ўзбекистонда болалар ҳаёти, соғлиғи ва ахлоқи учун хавфли жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилади. 

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, юқоридаги каби таснифланувчи жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда. 

Шунингдек, қонунга кўра, эндиликда 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган бўлмаганидан қатъий назар жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо, яъни 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши назарда тутилмоқда.

Ваҳоланки, олдинги қонунга кўра, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганини баҳона қилиб, енгилроқ модда билан жавобгарликка тортилиш имкониятига эга бўлган.

Ўз яқинлари, ёши кичик ёки ногиронларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг тажовузкордан ҳимояланиш имконияти чекланганлиги сабабли алоҳида хавфлилик даражасига эга.
Аммо, қонунчилик бундай қилмишларини алоҳида оғирроқ жазони назарда тутувчи модда билан малакалаш учун етарли имкониятларга эга эмас эди.

Янги қонун билан шахс нафақат амалдаги турмуш ўртоғи ёки яқин қариндошига, балки собиқ турмуш ўртоғига, бир рўзғор асосида бирга яшаётган ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга, ногиронга ёхуд ўзига ўқитиш ёки тарбиялаш учун топширилган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик қиладиган бўлса унга оғирроқ жазо, яъни илгаригидай 3 йилдан 7 йилгача эмас, балки 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан судларга киритиладиган даъволар бўйича давлат божини  тўлаш мажбуриятининг мавжудлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари  ва қонуний манфаатларини таъминлаш фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.

Шу сабабли, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонунга кўра, эндиликда турмуш ўртоғини ҳақоратлаган шахс 6 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин. Ғаразли ниятлар билан турмуш ўртоғини калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказиш эса 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, жамоат жойида шилқимлик қилган шахс 1,5 миллионгача жаримага тортилиши ёки беш суткагача қамалиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг