Болалар миллий тиббиёт марказига янги раҳбар тайинланди

Жамият 1999
image

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Алишер Мирхамидович Шарипов Болалар миллий тиббиёт маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.

Алишер Шарипов тиббиёт институтини Ўзбекистонда тамомлаб, аспирантурани И.М. Сеченов номли 1-Москва тиббиёт институтида ўқиган. Бир неча йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигида Фанлар бошқармаси бош мутахассиси, сўнг вазирликнинг бош педиатри бўлиб ишлаган. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват ёрдами бўйича комиссиясининг мувофиқлаштирувчи гуруҳи раҳбари бўлган. 

Ўз иш фаолияти билан параллель равишда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги билан алоқалар бўйича гуруҳ координатори сифатида ҳам ишлаган.

Тиббиёт фанлари доктори Алишер Шарипов тайинловдан аввал кўп йиллар давомида Тошкент педиатрия тиббиёт институти шошилинч педиатрия кафедраси мудири лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Болалар миллий тиббиёт маркази Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликнинг яққол намунаси сифатида, тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қурилган бўлиб, ўтган йили фойдаланишга топширилган. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилган. Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия, гемодиализ ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган. 

Марказда фаолият юритиш учун 100 нафардан ортиқ шифокор ва ҳамширалар, медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар Корея Республикасининг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтишган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×