Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман Алия Юнусова истеъфога чиқишини маълум қилди
Жамият
−
14 Сентябрь 2023
5068Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман Алия Юнусова Туйғуновна ўз фаолиятини тўхтатганини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен болалар ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан. Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга бола ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик билдираман”, дейди Алиева.
Бироқ у айнан қандай вазият туфайли истеъфога чиқаётганини очиқламаган.
Шунингдек, Алия Юнусова болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган тизимини шакллантиришда омбудсман билан ҳамкорлик қилган, қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирган.
“Айниқса, UNICEF'нинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси раҳбари жаноб Мунир Маммадзаде ва унинг жамоасига болалар манфаатлари йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлагани ва илгари сураётгани учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман”, дея пост қолдирган у.
Эслатиб ўтамиз, у бу лавозимга 2020 йилда февраль ойида маъқулланганди.
Алия Юнусова (1961 йилда туғилган) – иш фаолиятини Тошкент давлат тиббиёт институтида (1983-1989 йилларда) ўқитувчиликдан бошлаган. У турли йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мўминов номли фалсафа ва ҳуқуқ институтида аспирант (1989-1999), кичик илмий ходим, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис (1991-1993), бош мутахассис, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий марказида бўлим мудири (1999-2005) лавозимларида меҳнат қилган. Юнусова 2005-2020 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган.
LiveБарчаси