Бокс. Ўзбекистон ЖЧни биринчи ўринда якунлади
Спорт
−
22 Сентябрь 2019
6925Кеча, 21 сентябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича юбилей 20-жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг энг сўнгги финали ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов (+91 кг) ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев иштирокида кечди.
Бу баҳсда супер оғир вазн тоифасига эга ўзбекистонлик спортчининг қўли баланд келиб, Баҳодир Жалолов фаолиятида илк бор жаҳон чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг мусобақада қўлга киритган медаллари 3 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронзани ташкил этди. Ўзбекистон бундай натижа билан жаҳон чемпионатини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади! Мезбон Россия терма жамоаси эса 3 та олтин медаль билан иккинчи поғонага жойлашди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати Жалолов ўзининг азалий рақиби билан ўзаро ҳисоб-китоб бўйича олдинга чиқиб олди. Бунгача мазкур боксчилар 4 маротаба тўқнаш келишган ва ҳисоб 2:2 кўринишида турган эди.
Қуйида мазкур жаҳон чемпионатида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчиларни ёдга олиб ўтамиз:
Олтин медаль:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов
+91 кг: Баҳодир Жалолов
Кумуш медаль:
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов
Бронза медаль:
-69 кг: Бобоусмон Батуров
LiveБарчаси