Боғчадаги заҳарланиш ортидан 2 минг бола кўрикка олинди. Шифохоналар тўлган (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Ҳозирги кунда эса Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 694 бола даволанмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, уларнинг 13 нафари ўртача оғир аҳволда.

Қайд этилишича, бугун, 27 сентябрь куни ҳам 421 болага аҳволи яхшилангани сабабли уйга жавоб бериш режалаштирилган.

Билдирилишича, бемор болаларга малакали ёрдамлар кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 17 та ихтисослаштирилган муассасалардан 100 дан ортиқ олим, мутахассислар, профессорлар жалб этилган.

Вазирликда ташкил этилган штаб хулосасига кўра, бемор болаларга ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилди. Бу касаллик оғир ёки ҳаёт учун хавфли тоифага кирмайди ва асоратсиз ўтиб кетади.

Қўшимча қилинишича, вазирлик қошида ташкил этилган махсус штаб ҳар уч соатда видеоконференцалоқа тизими орқали Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган даволаш-профилактика тадбирларини муҳокама қилиб бормоқда. Лозим бўлган жойларда маслаҳат ва кўрсатмалар бериб турилибди.

“Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан жойларда эпидемиологик суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Олинган намуналарнинг лаборатория текширувлари давом этмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади”, деган Нурмат Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланганди

Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурмат Отабеков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг