Боғча мудираси лавозимини 2,5 минг долларга пуллашга уринган мансабдор ушланди

3-саҳифа

image

Наманган вилоятдаги туманлардан бирининг мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири пора билан кўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бўлим мудири ҳамда иккита хусусий боғча раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг ишончига киришган. Улар ўзларининг мансабдор танишлари орқали фуқарони бошқа тумандаги давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирига мудира лавозимига тайинлаш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбирда дастлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларидан бирининг раҳбари 2500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан ушбу пул маблағини олган вақтида иккинчи оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари қўлга олинган.

Ўз навбатида, у 1000 АҚШ долларини туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудирига бериши кераклиги аниқланиб, мазкур мансабдор шахс ҳам ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Билдирилишича, ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “а” банди ва 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Кадастр агентлиги Давлат кадастрлар палатасининг Андижон вилоятидаги туманлардан бирининг филиали бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг ишончига киради. Мазкур мансабдор шахс туман захирасида бўлган 17 сотих тошлоқ ер майдонини нотурар жой сифатида унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари пора билан қўлга тушганди. У фермернинг дала ҳовлисини укасининг турмуш ўртоғи номига расмийлаштирмоқчи бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

пора Наманган

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг