Боғча ходимлари таътил кунларида ҳам ишлайди
Жамият
−
11 Январь 2023
6844Мактабгача таълим ташкилотларининг барча ходимлари таътил кунларида ҳам ишда бўлиши кераклиги маълум қилинди. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳокимлик ишлашига рухсат бермаган мактабгача таълим ташкилотларида ҳам барча ходимлар иш фаолиятини доимгидек давом эттиради. Берилган қўшимча таътил даврида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ўз ўрнида бўлади.
Агентликка кўра, тизим бўйича эълон қилинган қўшимча таътил кунлари фақатгина тарбияланувчиларга тегишли.
Ташкилотнинг педагог кадрлари, таътил кунларидан унумли фойдаланган ҳолда, ўзининг йўналиши бўйича қўлланмалар, ўқитишнинг янги услублари, янги дидактик, ҳаракатли ўйинлар устида ишлаши лозим бўлади. Шунингдек, бошқа ходимлар ҳам ўз иш ўринларида бўлиши кераклиги (ошпазлар бундан мустасно) маълум қилинди.
“Хабарингиз бор, қўшимча таътил кунларида шароитига, иситиш тизимига қараб мактабгача таълим ташкилотларининг фаолият юритишига рухсат бериш ҳудудий ҳокимлар зиммасига юклатилган. Бунда ҳокимлик ўша тизимда кузатиладиган камчиликларга ҳам жавобгар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларнинг назоратидан яхши ўтган боғчаларгина иш фаолиятини юритиши мумкин”, дейилади хабарда.
Қизиқ тарафи шундаки, болалар бўлмаган боғчада ходимлар ким билан ҳаракатли ўйинлар устида ишлайди, чунки бу амалий машғулотга киради. Шунингдек, боғчада ходимлар ўз устида ишлаши учун кун бўйи эмас, 3-4 соат кетказса ҳам етади. Бундан ташқари, ходимларни иш вақтида бошқа бир мажбурий меҳнатларга (масалан, ҳозирги вақтда қор кураш каби) жалб қилинмаслигига ким кафолат бера олади?
Шу саволларга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ Мактабгача таълим агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, ходимларни таътил вақтида неча соат ишлаши кераклиги ҳақида ҳокимлик томонидан вазирликка маълумот берилмаган. Фақатгина ходимларни ишга чақиришда уларнинг соғлиги инобатга олинади.
Асқархўжаевага кўра, ишчилар боғчани тозалаш ва қор курашга жалб этиладими йўқми – бу унга номаълум. Бироқ у қор кураш каби ишлар мажбурий меҳнатга кирмаслиги, аксинча жамоавий иш бўлиб, ходимлар ўртасида бирдамликка олиб келишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, мактабгача таълим ташкилотларида 10–18 январь кунлари совуқ об-ҳаво муносабати билан навбатдан ташқари таътил эълон қилинганди.
Бундан ташқари, эълон қилинган таътил кунларида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун ҳақ тўланмаслиги маълум қилинганди.
LiveБарчаси