БМТни ислоҳ қилиш режаси қабул қилинди
Олам
−
23 Сентябрь
3165Россия қаршилигига қарамай, Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилган БМТни ислоҳ қилиш режаси Нью-Йоркдаги Келажак саммитида тасдиқланди. Бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни ташкилот Бош Ассамблеяси Президенти Филемон Янг маълум қилди.
Россия бир овоздан қабул қилиниши керак бўлган келишувдан узоқлашди. Келишувни тасдиқлаш маросими аввалида Москва вакили – Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин режадан ташқари сўзга чиқишни сўради ва ҳужжат матнига қўшимча ўзгартиришлар киритиш зарурлигини эълон қилди. Шундай қилиб, у овоз беришсиз амалга оширилиши керак бўлган ҳужжатнинг барча 193 мамлакат томонидан расман маъқулланишини шубҳа остига қўйди.
DPA’нинг ёзишича, Вершинин агар Россия талаб қилган тузатиш “Келажак учун пакт” матнига киритилмаган бўлса, ушбу ҳужжат бўйича консенсусдан узоқлашиш билан таҳдид қилган. Унинг сўзларига кўра, шартноманинг муросали намунасидан мамнун бўлмаган мамлакатларга кейинги муҳокамалар учун имконият берилмаган.
Шундан сўнг, Конго вакили сўзга чиқиб, Россия талаб қилган ўзгартиришларни кўриб чиқмасликни таклиф қилди ва 143 мамлакат Россия сўровини кўриб чиқмаслик ва шу билан уни рад этиш учун овоз берди. Бунга Россиядан ташқари Беларусь, Никарагуа, Шимолий Корея ва Сурия ҳам қарши чиқди.
Бироз вақт ўтгач, БМТ саммити иштирокчилари “Келажак пакти”ни расман қабул қилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, ҳужжат тинчлик ва хавфсизлик йўлида янги имкониятларга йўл очади ва бу халқаро ҳамкорликни ислоҳ қилиш ҳамда адолатли дунё сари муҳим қадамдир.
LiveБарчаси